Тасаввур қилинг, Наманган-Тошкент йўналишида автомашинада ҳаракатланясиз. Тезликни оширганингиз учун ўзингиз ҳаракатланаётган йўналиш бўйича ўрнатилган радарга тушиб қолдингиз. Талайгина жарима тўлашингиз тайин. Қайтишда Тошкент-Наманган йўналишида ҳаракатланаётганингизда, аксига олиб яна худди шу радарга дуч келдингиз. Иккинчи марта тушдингиз. Аммо бу сизга қарама-қарши йўлга ўрнатилган радарнинг "иш"и.
Қарама-қарши йўналишга ўрнатилган радар бошқа йўлда ҳаракатланаётган автомашинага жарима ёзиши қанчалик тўғри?..
Тартибга кўра, йўлларда автомобиль ҳайдовчилари белгиланган тезликка риоя этиши радарлар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи йўл белгиси ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шартлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгилари, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгилари ўрнатилиши кўзда тутилади, деб белгиланган.
Йўлнинг бир томонига ўрнатилган радарлар икки йўналиш учун ҳам жарималарни қайд этаётганини қандай тушуниш мумкин?
Ҳайдовчи радардан огоҳлантирувчи белгини кўрмасдан тезликни оширган тақдирда қарама-қарши йўлдаги радарга "тушиб" қолмоқда. Мана шу ҳолатларда тартибга амал қилинмаяпти. Демак, хулоса қилишимиз мумкинки, ҳайдовчиларга кўплаб ҳолатларда ёзилаётган жарималар ноқонунийдир.
Агар мутасаддилар томонидан ҳақиқат тан олинмас экан, радарлар ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлиги учунми ёки кўпроқ жарималар йиғиш учунми, деган савол очиқ қолаверади.
Анвархон ТЕМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.