Янги Қорақалпоғистоннинг янги ҳаёти

 

Халқимиз озод ва обод ҳаётимизни таъминлаб берган шонли Мустақилликнинг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш учун тайёргарлик кўрмоқда. “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остидаги турли тадбирлар, ёшлар фестиваллари ҳаётимизнинг янги мазмун-моҳиятида намоён бўлмоқда.

Янгиланган Қорақалпоғистонда юртимизнинг узоқ-узоқ кенгликлари, қўй-қўзиларга тўла яйловлари, яшнаб турган боғ-роғлари, полизлари, ер ости, ер усти маъданларидан ишга тушган корхона, завод-фабрикалари... Буларнинг барчасида қорақалпоқ халқига, бу қадим ота-маконга меҳр, эътибор, ғамхўрликни ҳис қилиб турибмиз.

Миллий маданият, маънавият, адабиёт, санъат барча халқлар сингари қорақалпоқ халқини ҳам ҳамиша бахтли ва фаровон ҳаётга руҳлантириб келмоқда. Халқ оғзаки ижодидан бошланган жиров, бахшичилик санъати бугунги кунга келиб жаҳон саҳналарида миллий симфоник оркестр иштирокида ижро этиладиган етук санъатга айланди. Бунда халқ ҳофизлари, театр актёрлари, опера ижрочилари, эстрада жамоалари, ёш томошабинлар, қўғирчоқ театри актёрларининг ижодий фаолияти ҳам катта аҳамиятга эга.

Нукус давлат санъат ва маданият институти, опера ва бахшичилик санъати мактаби фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон давлат консерваторияси филиали ташкил қилиниб, Бердақ номидаги қорақалпоқ академик мусиқали ҳамда ёш томошабинлар театрлари қайта таъмирланди. Ажиниёз “Гулойим”, “Тўмарис” операси саҳнага чиқди. Қатор музикали, драмалар, балетлар яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз. Шу маънода номоддий маданий мерос хазинаси адабиёт намоёндаларининг ижод намуналари билан асрлар давомида тўлдирилиб, бойитиб келиняпти.

Масалан, Ибройим Юсуповнинг адабиётда тутган ўрнига баҳо берган буюк ёзувчи ва шоирлардан Расул Ҳамзатов, уни “қалбларни даволовчи шоир” дейди, Чингиз Айтматов унинг шеъриятини кишини “ҳайратга солувчи” шеърият сифатида баҳолайди, Қайсин Кулиев шоирни туркийзабон халқларнинг улкан адиби даражасида кўради.

“Қорақалпоқ адабиёти” газетаси чиқа бошлаганига бу йил 10 йил бўлди. Газетамиз қорақалпоқ, ўзбек, рус, инглиз тилларида чоп қилинади. Интернет тармоғида ҳам “Қарақалпақ адабиёти” сайти ишлаб турибди. Қорақалпоқ, ўзбек адиблари ижоди рус, инглиз тилларда, дунё шеърияти, жаҳон адабиёти намоёндалари асарларини ўзбек, қорақалпоқ тилларида ўқувчиларга етказиб бермоқдамиз.

Бугунги кунда янги Ўзбекистон қиёфасида янги Қорақалпоғистон шаклланмоқда. Бунга ёрқин мисол сифатида кўп марта айтилган бўлса ҳам Мўйноқ туманида амалга оширилган ишларни келтириб ўтиш кифоя. Хусусан, туманда 20 та кўп қаватли уй-жой қурилди, 100 километр масофадан ичимлик сув олиб келинди. Кўплаб корхоналар, ижтимоий объектлар ишга туширилди ва янгиларини барпо этиш давом этмоқда. “Мўйноқ аэропорти” янги лойиҳа асосида қайтадан қурилди. “Оқ кема” болалар оромгоҳида фарзандларимиз яйраб дам олмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Президентимиз томонидан илгари сурилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилинди. Бу резолюция Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш, бу ҳудудда экологик вазиятни янада яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган кўламли ишлар, Оролбўйи минтақаси учун ҳамкорлар билан “Траст” фондининг ташкил этилгани ва кўплаб жамғармалар, дастурларнинг янада самарали бўлиши учун хизмат қилади. Шунингдек, сув тежовчи технологиялар ишлаб чиқилишига, инвестициялар жалб этилиши, айниқса, экотуризмнинг ривожланиши, экологик миграциянинг олдини олиш учун кенг йўл очиб беради.

Қорақалпоғистондаги яна бир муҳим ўзгариш бу мактабларнинг ҳолати яхшиланиб бораётганидир. Хусусан, ҳудудда 29 та мактабни қуриш-таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан катта маблағлар ажратилди. Натижада кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 15 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.

Нукус шаҳрида 16 қаватли “IT-park” фойдаланишга топширилади. Бу ерда ёшларнинг кўплаб лойиҳалари амалга оширилади, ахборот-коммуникация технологиялари музейи, кўргазма ва ўқиш хоналари ташкил этилади ҳамда мингдан зиёд ёшларнинг бандлиги таъминланади.

2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори диёримиз учун тарихий ҳужжат бўлди. Мазкур қарорда халқнинг ҳаётини яхшилаш ҳамда соҳаларни жадал ривожлантиришга хизмат қиладиган 3 мингга яқин лойиҳани амалиётга тадбиқ этиш кўзда тутилган.

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” бўйича Қорақалпоғистон Республикасида 75 та банддан иборат ҳудудий дастур тасдиқланди. Дастур ижроси таъминланиб, жорий йилнинг биринчи чораги якуни бўйи ча ялпи ҳудудий маҳсулот 104,5 фоизга, жумладан, саноат 109,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги 102,9 фоизга, қурилиш 101,6 фоизга, хизмат кўрсатиш 106,9 фоизга ўсиши таъминланди.

2021 йил якунига қадар умумий қиймати 5 триллион 323 миллиард сўм бўлган 593 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш ва 10 минг 588 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Айни пайтгача қиймати 437,9 миллиард сўмлик 207 та лойиҳани ишга туширишга ва 2 883 та янги иш ўрни яратишга эришилди.

Саноат соҳасида жорий йилда 158 та лойиҳа бўйича 3 триллион 366 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 4 573 та янги иш ўрни яратилади. Биринчи июнь ҳолатига қиймати 152,1 миллиард сўмлик 51 та лойиҳа ишга туширилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам Оролбўйида яшовчи бутун халқимиз тақдирига дахлдор бўлган, аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга замин яратадиган муҳим ҳужжат бўлди. Айни чоғда деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланувчи кластер ва фермерларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада ошириб, янги марраларга руҳлантирди. Негаки, сув барча ҳудудларда ҳам ҳаёт манбаи ҳисобланади. Лекин Амударёнинг энг қуйи қисмида жойлашган Қорақалпоғистон учун, таъбир жоиз бўлса, сув ҳаёт-мамот масаласидир.

Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилишга, барча соҳаларни ривожлантиришга қаратилган муҳим қарорлари қорақалпоғистонликларнинг кўнглини кўтармоқда. Эртанги кунга бўлган ишончини, меҳнат қилишга бўлган шижоатини янада юксалтирмоқда.

Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида бу ютуқ ва муваффақиятларни қайта-қайта эътироф этамиз ва бу улуғ байрамни кўтаринкилик билан кутиб оламиз.

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси,

“Қорақалпоқ адабиёти” газетаси бош муҳаррири.

“Ўзбекистон овози”, 14.07.2021, №27

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш