Қонунга кўра, “Энергетик ичимликлар — таркибида 150 мг/л.дан ортиқ миқдорда кофеин ва (ёки) инсон организмига тонусни ўзгартирувчи таъсир кўрсатиш учун етарли миқдордаги бошқа компонентлар мавжуд бўлган ичимликлар”, дейилади. Бу турдаги ичимликлар ҳақида кўпчилик тўлиқ маълумотга эга эмас, уларнинг зарари хусусида турли қарама-қарши фикрлар мавжуд. Келинг, сиз билан энергектикларнинг саломатликка салбий таъсири борми ёки йўқ экани ҳақида бироз таҳлил ўтказамиз.
ЭНЕРГЕТИКЛАР ҚУВВАТ МАНБАИ БЎЛА ОЛАДИМИ?
Бахтинисо АЗИМБОЕВА, валиолог:
— Энергия қуввати танамизга суюқликдан эмас, асосан оқсилдан келади. Масалан, аминокислота танамизга қурилиш озуқаси сифатида сингади. Шунингдек, ёғлардан, тўйинган ёғ кислотасидан оқсиллар йиғилади. “Б” гуруҳидаги витаминлар эса организмга котализатор вазифасини ўтайди. Ушбу моддалар ўрнини бошқа ҳеч қандай озуқа билан алмаштириб, тўлдириб бўлмайди. Бугун истеъмол қилинаётган таомларда айнан ушбу моддаларнинг етарли эмаслиги энергетик ичимликларни ичишга қайсидир маънода туртки бўлмоқда.
Унутмаслигимиз керакки, бу ўзини ўзи алдаш, деганидир. Организмга керакли бўлган озиқ-овқатни вақтида бермасак, ҳолсизлик, чарчоқ юзага келади. Яхшиси, кўпроқ салатлар истеъмол қилиш зарур. Ярим килограмм салатдаги карам, сабзи, кўкатлар, қизил лавлаги бизга бир кунлик қувват манбаини таъминлашга ёрдам беради. Энергетик ичимликлар бугун танамиздаги резервлар ҳисобига уни қувватлантириб, яшаб туришига ҳисса қўшади. Кун келиб ушбу заҳира қувват тугагач, касаллик келтириб чиқаради ва уларни тиклашнинг имкони йўқ.
Шунинг учун эҳтиёт чорасини ҳозирдан кўриш талаб этилади. Аслида ҳар қандай газли ичимликлар иссиқдан ҳимояламайди ва чанқоқ босмайди. Чунки кунлар исиган вақтда танамиздаги сувни ушлаб туриш учун минераллар керак бўлади. Улар эса сабзавот ва кўкатларда ҳамда қатиқда мавжуд.
Бундан ташқари, энергетик ичимликлар таркибида кофеиннинг кўплиги сабабли иссиқ ёз кунларида организмдаги тонусни ошириб юборади. Натижада юрак қон-томир касалликларини юзага келтириш хавфи ортади. Чунки инфарктни келтириб чиқарувчи асосий омил — бу қон томирнинг мўртлашиши, ёрилиб кетиши организмга тўйинган ёғ кислотаси ҳамда витаминларнинг етарли эмаслиги билан тафсифланади. Қон қуюқлашиши ёки қурилиш озуқалари камлиги ҳам инфарктга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, соч толаси шикастланса, уни кўрамиз ва ҳимоялаш чораларини қўллаймиз. Томирларимиз ҳам ҳудди ана шу соч толасидек бўлади, унинг мўртлашиши жиддий салбий оқибатларга олиб келади.
Энергетиклар таркибидаги моддаларнинг киши руҳиятига таъсири ҳақида ҳам қисқача тўхталсам. Бир масалани унутмаслик керак. Нега бу турдаги маҳсулотларни мазали қилиб ишлаб чиқаришади? Сабаби инсоннинг сўлак безлари орқали нейроиндокрининг тизимда нейрогинезни айнан дофаминни ошириш мақсадида улар ўзгача таъм билан тайёрланади. Кайфиятни кўтарувчи бу модда ичакда яхши ишлаб чиқарилади. Ошқозон яхши ишласа, бу модда автоматик равишда ишлаб чиқарилаверади. Ичимиздаги беминнат “заводимиз” ни ишлатиш, даволаш ёки созлаш ўрнига ташқаридан тайёр ичимлик билан кайфият кўтаришни афзал биламиз. Лекин бу моддага мойилликни уйғотади. Ўрганишнинг пайдо бўлиши эса ўз-ўзидан руҳиятга ҳам салбий таъсир ўтказиши мумкин.
Дилрабо ШАРИПОВА, умумий амалиёт шифокори:
— Бу турдаги ичимликларнинг ёш организмга зарарлари талайгина. Биринчи навбатда, инфаркт миокардига олиб келади. Қон қуюқлашиши натижасида босим ортиб, саломатликкагина эмас, иш фаолиятининг бузилишини ҳам келтириб чиқаради. Ушбу ичимликларни истеъмол қилган инсон биринчи куни ўзини тетиклашгандек ҳис қилиши бор гап. Эртасига эса органларда аввалгидан ҳам кучли чарчоқ ва ҳолсизлик юзага келади. Сабабини оддий тилда тушунтирадиган бўлсам, энергетиклар бугун сизга эртанги қувват манбаидан олиб беради ва эртага бугунгидан икки баробар кўпроқ чарчоқ ҳис қиласиз.
Ўз навбатида, бу каби ҳолат кишида тобеъликни ҳосил қилади. Бориб-бориб ушбу ичимликлар салбиқ таъсирини намоён қила бошлайди. Таркибида адреналин, тоурин ва кофеиннинг кўп миқдорда мавжудлиги уйқунинг бузилиши, юрак ўйнашига олиб келади.
Энергетик ичимликларнинг инсон руҳияти ва организмига салбий таъсири ҳақида мутахассислар аниқ гапларни таъкидлади. Унинг яна бир салбий жиҳати борки, бундан кўз юмиб бўлмайди. 10 дақиқада ичиб, тамомланадиган энергетикларни саккиз мингдан 15 минг сўмгача сотиб олиш мумкин. Агар бир кунда ўртача икки дона ана шундай ичимликка пул сарфланса, тасаввур қилинг, бир ойда қанча маблағ ишлатилади. Ойига 500-600 минг сўмга қанчалаб китоб сотиб олса бўлади, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Агар шу пулларни фойдали ишларга сарфласак, ҳар маънан, ҳам жисмонан саломатликка эришиш имконимиз ортади.
Яна бир масала. Ижтимоий сўров ҳамда мутахассис билан суҳбат натижасида амин бўлдикки, бугун юртимизда ишлаб чиқарилаётган энергетик ичимликлар таркиби чет элникидан фарқ қилади. Бир хил турдаги ва номдаги ичимликлар таркиби, таъми ва таъсир даражасида тафовут мавжуд. Шундоқ ҳам турли касалликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган истеъмол маҳсулотининг таркибидаги ана шундай фарқнинг сабаби нима ва унинг оқибатлари қандай экани эса алоҳида мавзу.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 14.07.2021, №27