Электр энергияси ва 25 йил

 

Ёз бошланиши билан мамлакатимизда жазирама иссиқ кунлар бошланади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, республикамиз об-ҳавоси кескин континентал минтақа ҳисобланади. Аслида Ўзбекистон учун ҳар йили ёз фаслида ҳарорат иқлимий меъёрдан 4-5 даражадан юқори бўлиши кўп бора кузатилиши одатий ҳолдир.

Маълумотига кўра, жорий йилда республикамиз ҳудудида 1 июлдан бошлаб ҳаво ҳарорати кўтарила бошлаган. Яъни, 7-8 июль кунлари эса Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво жуда иссиқ бўлиб, шу кунлари ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 5-8 даража юқори бўлган ва кундузи вақтларда ҳаво 41-43 даража, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 44-46 даражагача иссиқ бўлган.

Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши сабабли республиканинг деярли барча вилоятларида, жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам тинимсиз равишда “свет” ўчгани ҳақида матбуот, телевидение ва ижтимоий тармоқларда кўплаб танқидий ахборотлар берилди.

Ушбу тарқатилган ахборотларда республикамизнинг барча ҳудудларида, айниқса, қишлоқ жойларида 5-6 соатлаб “свет” ўчган бўлса, вилоятларнинг туман, шаҳарларида 4-5 соат электр энергия тизимидан узилган. Бу ҳам етмагандек, Тошкент шаҳрида ҳам электр энергияси таъминотида жиддий муаммолар юзага келиб, пойтахтнинг кўплаб туманларида навбатма-навбат 2-3 соатлаб “свет” ёнмаган. Бу эса шаҳарда истиқомат қилаётган аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган. Боиси, пойтахтимизнинг кўпчилик аҳолиси кўп қаватли уйларда истиқомат қилишади. Уй ҳароратини салқин, бир хил даражада ушлаб туриш учун кондиционер ёки вентилятордан фойдаланишгани боис маълум соат “свет” бўлмаса уй ҳарорати кўтарилиб, хона ўтириб бўлмайдиган даражада исиб қолади. Бундан ташқари, музлаткичдаги тез айнийдиган маҳсулотлар, яъни мева-чевалар ҳам истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолгани уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган.

Охирги вақтларда энг ишончли ва хавфсиз жамоат транспорти ҳисобланган Тошкент метрополитени ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўп бора танқид остига олинмоқда. Чунки, метрода тез-тез электр энергияда узилиш бўлаётгани боис, аҳоли метрога тушишга юраги безиллаб қолганини яширмаяпти. 7 июль куни Тошкент метросининг қатор бекатлари электр энергиясиз қолгани тўғрисида яна эътирозли хабарлар тарқалди.

Энергетика вазирлигининг тарқатган ахборотига кўра, бугунги аномал иссиқ ҳаволи кунда Ўзбекистонда аҳолининг электр энергиясига бўлган бир кунлик эҳтиёжи 223 миллион кв/соатни ташкил қилади. Аммо рақамлардан кўриниб турибдики, энергетика соҳаси бу қувватни етказиб бериши жуда қийин. Ҳар ҳолда бизга керак бўлган 223 миллион кв/соат ҳамда ҳозирда ИЭС ва ИЭМларда ишлаб чиқарилаётган 173 миллион кв/соат орасидаги фарқ буни исботлайди. ГЭСлар эса тахминан 20 миллион кв/соат электр ишлаб чиқараётгани тахмин қилинади. Шунингдек, вазирликнинг яна бир хабарига кўра, 7 июль тонгида аҳолига энг кўп электр етказиб берувчи станциялардан бири – “Навоий” иссиқлик электр станциясини газ билан таъминловчи қувурдан газ сизиб чиқиши кузатилган ва натижада электр ишлаб чиқариш кескин камайган. Бу ҳам ўз навбатида кўп сонли аҳоли электрсиз қолганидан далолатдир.

Шу билан бирга, республикамиз сув омборларига сув келиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37 фоизга кам ёки кўп йиллик ўртача сув келишининг 48 фоизини ташкил этмоқда. Бу ҳолат гидроэлектр станцияларнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайишига олиб келмоқда. Шунга қарамасдан, мамлакатимизда электр станциялар орқали режада кўрсатилган ҳажмларда электр энергияси ишлаб чиқариш чоралари кўрилаётгани айтилади вазирлик хабарида.

“Ҳудудий электр тармоқлари” тарқатган маълумотига кўра, республикадаги электр тармоқларидаги фавқулодда узилишлар бартараф этилаётгани таъкидланмоқда. Шунингдек, бу аҳолининг жазирама иссиқда совитиш воситаларидан фойдаланиши кескин ортгани сабаб юз бергани айтилди.

Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчи эдим. Бу таъкидлар бизга умуман бегона эмас. Қиш ойларида ҳам кўп маротаба такрорланган гапларни унутмаганмиз. Қаҳратон қишнинг бир кунида Ўзбекистонда ярим миллиондан ортиқ аҳоли электрсиз қолган эди. Ўшанда ҳам ҳаво совиши оқибатида электр энергиясида содир бўлаётган узилишларга тармоқларнинг эскиргани сабаб қилиб айтилганди.

Энди эса ҳаво ҳарорати кескин, яъни ҳар йилгига қараганда, 5-8 даража юқори бўлгани учун “свет” ўчаётгани масъуллар томонидан иддао қилинмоқда.

Шу ўринда одамни ҳақли бир савол қийнайди? Нимага Энергетика вазирлиги ўша биз айтган иссиқ ёки совуқ кунларга тайёр туришмайди-да баҳонани аҳолига ағдаришади, яъни шу кунларда аҳоли электр энергияни кўп истеъмол қилаяпти, деб. Ваҳоланки, Республика Гидрометеорология маркази кунлик, ҳафталик, ўн кунлик, керак бўлса бир ойлик мамлакатимизда қандай об-ҳаво бўлишини башорат қилиб, маълумот тарқатишади. Шундан хулоса чиқарган ҳолда, Энергетика вазирлиги чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқмайдими? Худдики, вазирлик иссиқ ёки совуқ кунлар бўлишини билмагандай, яъни тўсатдан шундай бўлиб қолгандай ўзларини оқлашади. Ва бунга тегишли идоралар нимага аҳолини электр энергиясиз қолдирдинг, деб чора кўрмайди? Бундай дейишимизнинг сабаби бирон марта аҳолини электр энергиясиз қолдиргани учун масъулларга чора кўрилди, деган маълумотга кўзингиз тушмайди.

Энергетика вазирининг баёноти эълон қилинди. Унда шундай дейилади.

“Ҳурматли ватандошлар!

... Энергия таъминоти тизими бу анча мураккаб жараён. Ускуналар техник хизмат кўрсатиш ва модернизация ишларининг кечикишига чидай олмайди. Улар эскиради ва натижада шу каби носозликларга олиб келади. Бундан ташқари, эски ускуналар шунчаки янги қувватларга бардош бера олмайди. Бу эса бугунги кунда 25 йилдан ортиқ вақт давомида энергетика тизимининг ҳолатига етарлича эътибор берилмагани натижасидир.

Айнан энергетика тизимини босқичма-босқич янгилаш мақсадида 2019 йил бошида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ташкил этилди. Сўнгги икки ярим йил ичида соҳада катта ишлар амалга оширилди. Аммо йигирма беш йил давомида ишлаб келган ва эскирган ускуналарни қисқа фурсатларда янгилашнинг имкони йўқ...”

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Вазирнинг баёнотида охирги 25 йиллик ҳақида гап кетган. Кузатишларимга кўра, сўнгги йилларда вазирлик, қўмита ва идораларнинг раҳбарлари гўё ўтган 25 йилда ҳеч иш қилинмагандай, айбни ўша йилларга ағдаришни касб қилиб олаётгандай. Ваҳоланки, ўтган ҳар бир йилда қандайдир ўзгаришлар қилинган-ку. Ахир, ҳаво исиб кетса, техникалар эскирган бўлса, истеъмолчилар айбдор эмас-ку.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 14.07.2021, №27

← Рўйхатга қайтиш