Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида парламент қуйи палатасининг “Ўзбекистон Республикасида аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, шу жумладан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси кўриб чиқилди.
Йиғилишни Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, фракция раҳбари Улуғбек Иноятов олиб борди.
Таъкидландики, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасига оид ислоҳотларнинг бориши, шу жумладан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, соҳага замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ҳамда мамлакатимизда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, бу жараёнда аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунгача «Темир дафтар»га киритилган 1 912 нафар беморнинг 1 575 (82%) нафарига юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилди. Аҳолини манзилли скринингдан ўтказиш ва юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 23 та мобил бригада ташкил этилди. «Давлат томонидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари» ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Жорий йилда ташкил этилиши режалаштирилган 124 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалардан ҳозиргача 71 тасининг фаолияти йўлга қўйилди.
Шунинг билан бирга тизимда ҳамон бир қатор муаммолар мавжуд. Мисол учун, олис ва чекка ҳудудларда жами 86 та оилавий шифокорлик пункти ва 39 та оилавий поликлиникада 149 та вакант штат мавжуд бўлгани ҳолда, ҳозирга қадар «Қишлоқ шифокори» дастури доирасида ҳудудлар кесимида 41 нафар тиббиёт ходими ишга қабул қилинган. Шунингдек, бугунги кунгача уларнинг атиги 16 нафарига 30 миллион сўмдан пул маблағи тўлаб берилган.
Фракция аъзолари коронавирус инфекцияси охирги вақтларда бутун дунёда, шу жумладан мамлакатимизда ҳам кенг тарқала бошлагани хавотирга сабаб бўлаётганини таъкидладилар. Мамлакатимизда эмлаш ишларини амалга ошириш учун 3 138 та эмлаш пункти ва 862 та ҳаракатдаги бригада ташкил этилган. Эмлаш жараёнида 4 356 нафар шифокор ҳамда 11 539 нафар ўрта тиббиёт ходими иштирок этмоқда.
Бугунги кунга қадар республикамизда жами 4 743,8 минг доза коронавирус инфекциясига қарши вакциналар эмлаш тадбирларига йўналтирилган. Шу билан бирга, эмлаш тадбирларини тизимли ташкил этиш мақсадида жами 2 680,3 минг доза вакцина захираси шакллантирилган ва қўшимча доза вакциналар олиб келиниши режалаштирилган.
Бироқ, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемилогик барқарорликни таъминлаш ҳамда хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламини босқичма-босқич эмлаш тадбирлари талаб даражасида эмас. Жумладан, ўтган 3 ой давомида 65 ёшдан катта аҳоли қатламининг атиги 42,8 фоизи, сурункали касалликлари бўлган аҳоли қатламининг 67,7 фоизи, мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг 77,4 фоизи ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг 68,7 фоизи коронавирус инфекциясига қарши эмлангани бунинг яққол мисолидир. Шу билан бирга, эмланганларнинг барчасини ҳам тўлиқ дозаларда эмланган деб бўлмайди. Ушбу ҳолатлар аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.
Қарор муҳокамаси юзасидан фракция аъзолари У.Вафоев, Ш.Турғунова, Ш.Раҳмонов, Ш.Назаров, З.Шадиева, Д.Имамова ва М.Ўразалиева фикр, мулоҳазаларини билдириб, эмлаш жараёнида иштирок этаётган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларини рағбатлантириш, уларга зарур шароитлар яратиб бериш, касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани муносабати билан карантин чораларига амал қилиш борасида назоратни кучайтириш борасида ҳукуматга таклиф бериш каби масалалар хусусида тўхталиб ўтдилар.
Қарор лойиҳаси ЎзХДП фракцияси томонидан маъқулланди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Йиғилишда фракция фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.