Мардикорларга ҳам шарт-шароитлар яратиладими? Партия янги ташаббус билан чиқмоқда
Ҳар бир инсон дунёга яшаш ва бахтли бўлиш учун келади. Лекин ҳаётда турли сабаблар оқибатида баъзи юртдошларимиз тақдир зарбаларига дуч келадилар. 
Жамиятимиздаги, иқтисодимиздаги ўткир эврилишлар сабабли “мардикор бозор”, деган тушунча катта-кичик шаҳарларимиз, туман марказлари учун одатий ҳол бўлиб қолди. Уларнинг ўз ички таркиби, тартиби, бошқаруви шаклланди.
 
Бундай манзара кўп йиллардан буён ўзгармай қолмоқда. Айниқса бунақа жойларда аёлларнинг ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб туриши албатта инсонни изтиробга солади. Мен ўзим пойтахтимиздаги бир неча мардикор бозорларда бўлдим, опа-сингилларимиз билан суҳбатлашдим, хулосалар чиқардим.
 
Бу аёллар оғир шароитларда, ҳеч қандай кафолатсиз жисмоний ишлар билан шуғулланишларига нималар сабаб бўляпти? Фақат ишсизликми? Муаммони чуқурроқ ўргансак, унинг биз кўрмаган жиҳатлари очила бошлади.
 
Мардикор аёллар бозорида мактаб ёшидаги қизлардан тортиб, пенсия ёшидаги аёлларгача учратиш мумкин. Аёллар билан суҳбатлашиб, уларнинг тарихларини эшитиш натижасида бу ердаги аёллар турли тоифага бўлинишига гувоҳ бўлдик. Биринчи тоифа чиндан ҳам қийналган, ҳар қандай ишдан бош тортмай, ҳалол меҳнат қиладиган аёллар, иккинчи тоифа маълум маънода дангасалик, боқимандаликка ўрганиб, мардикор бозорига чиқишни ўзига “касб” қилиб олганлар. Бу тоифа вакиллари ишсизлик ва бошқа муаммоларни рўкач қилишади. Уларга ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуддан иш топиб берилса ҳам ойлик маош озлиги баҳонасида шаҳарда мардикорлик қилишни маъқул кўришади. Яна бир тоифа аёллар борки, уларнинг машғулотлари ҳақида гапиришга ор қиласан.
 
Мардикор аёлларнинг турмуш шароитлари, турар жойлари ҳақидаги саволларга ҳам турлича жавоб олдим. Баъзилар кимнингдир бостирмасида, ҳеч қандай шароит йўқ жойда яшашга мажбур (ижара ҳақи – ойига 150-200 минг сўм). Баъзилар бировнинг уйидан 1 хонани ижарага олиб, ойига 300-400 минг сўм ижара тўлайди. Бир қисм аёллар бутун оиласи билан шу ерда яшашини айтишди. Бир келинчак 9 ойлик боласини онасига қолдириб ишга чиқишга мажбурлигидан нолиди. Ҳар куни шафқатсиз бозор қонунияти билан яшаш аёлларга ўз ҳукмини ўтказган. Баъзиларининг юзидан андиша, уятчанлик қочгандек, баъзилари доимий оғир меҳнатдан эрта қаригандек кўринади. Мардикорчиликка янги чиққанлар тортиниб, қўрқиб туришидан дарров кўзга ташланади. Аёлларнинг бир кунлик даромадлари 70 минг сўмдан 100 минг сўмгача экан. Лекин бу пулнинг устида биз билмаган бир қанча чиқимлар ҳам бор. 
 
Улар орасига кириб кўрсангиз, кўплаб муаммоларнинг гувоҳига айланасиз. Ёки кимларнингдир хатоси туфайли уй-жойсиз қолган, баъзида оила аъзолари, баъзида ўзларининг эътиборсизлиги сабабли аниқ касб ўрганмаганлар, турмуш ўртоқларининг оила бошлиғи, деган масъулиятни бажаришни истамаслиги сабаб ўзлари ва болаларини боқишга мажбурлар.
Мардикор аёллар бозоридан ўтиб борарканман, уларнинг чеҳрасидан “Тезроқ иш чиқсайди, бугунги ризқимни топсайдим”, деган хавотирли нигоҳни илғайман. Ўттиз ёшдан эллик ёшгача бўлган бу мардикор аёлларнинг бугунча куч-қувватлари бор, соғлиқлари ҳам ҳали панд бериб улгурмади, лекин эртага-чи?.. Кексайганда, ёрдамга муҳтожга бўлганида ким уларнинг жонига оро киради? Бир аёлдан ёшини сўрадим, 45 даман, деди. 10 йилдан кейин пенсияга чиқишингиз керак, бирор жойда расмий ишлаганмисиз, деган саволим жавобсиз қолди.
 
Аёлларнинг турмуш шароитини яхшилаш, оиласини фаровон қилиш, улар учун янги иш ўринлари яратиш Президентимиз томонидан устувор вазифа сифатида барча давлат ва жамоат ташкилотларидан қатъий талаб қилинмоқда. Лекин мамлакатимизнинг турли ҳудудларида норасмий тарзда шаклланган мардикор бозорлари ҳамон аёллар билан гавжум. У ерда мунғайиб, иш қидириб юрган хотин-қизларнинг сони эса камаяётгани йўқ...
 
Кўпчиликка маълум Келесдаги мардикор бозоридамиз. Соат кундузги 11 дан ошган, ишсиз қолган аёллар билан анчадан бери ўйлаб юрган таклифларимни муҳокама қилдик.
 
Таклифлар қуйидагича: 
 
Барча шаҳарларда, туман марказларида, умуман имкон даражасида ҳозир норасмий мардикор бозорлари ташкил бўлган ҳудудларда тадбиркорлар томонидан иш билан таъминлаш марказлари ташкил этилиши.
 
Марказ қошида санитар талабларга жавоб берадиган арзон ётоқхона ошхонаси билан фаолият юритиши.
 
Марказ томонидан иш изловчиларнинг касби, имконияти акс эттирилган электрон база ташкил этилиб, фуқаролар ва ташкилотлардан тушган таклифларга асосан иш кучи билан таъминлаш.
Ётоқхонада вақтинчалик рўйхатга туришни жорий этиш.
 
Марказ вақтинчалик иш билан таъминлаётган фуқаролар пенсия жамғармасига маблағ ўтказиши ҳисобига уларга меҳнат дафтарчаси юритилиши ва стаж ҳисобланиши.
 
Шаҳар ва туманлардаги қурилишларга оддий ишчилар шартнома асосида ана шу марказлар орқали ёлланиши.
 
Бола тарбияси билан машғул аёллар ёки иш қобилияти сақланган пенсионерларни ҳам қисқа муддатли иш билан таъминлашни йўлга қўйиш (қисқа муддат энагалик, оилавий тадбирлар ўтказишда ёрдам, бошқа хўжалик ишларида ёрдам ва шунга ўхшаш).
 
Бу таклифларни аёллар жуда катта қизиқиш билан эшитишди, “Қачон марказ ташкил этасиз?”, деган саволлар беришди, агар айтсангиз, “каттаконлар”нинг олдига ўзимиз илтимосга борамиз, деб ёрдам кўрсатишга ҳам тайёр эканини билдиришди.
 
Норасмий мардикор бозорларимиз бугунги реал ҳаётдаги факт. Уларни бир неча марта тақиқ ва буйруқлар билан тугатишга ҳаракат қилинди, аммо натижа бўлмади. Бандликка кўмаклашиш марказларининг фаолияти ҳам бу муаммони еча олмаяпти. Демак, аҳоли талабига мос келадиган, унинг муаммоларини ҳал қиладиган ечим топишимиз шарт.
 
Мардикор бозордаги опа-сингилларимиз билан суҳбатлашарканман, юртимизда кенг нишонланадиган хотин-қизлар байрами тадбирлари ва тантанали томошаларни телевидение орқали кўришаётганда бу аёлларнинг кўнглидан нималар ўтаркан, деган савол такрор-такрор хаёлимдан ўтиб турди.
Мақсуда Ворисова,
ЎзХДП Марказий Кенгаши 
раиси ўринбосари, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси
 
← Рўйхатга қайтиш