Биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган шиддатли ва айни пайтда ўта мураккаб даврда яшамоқдамиз. Мутахассислар замонимизни «оммавий ахборотлашув» ёхуд «глобаллашув асри» деб атамоқдалар. Чунки ер юзининг қайсидир бир чеккасида юз берган воқеадан бир неча сония ичида бутун дунё хабар топмоқда. Бир қатор мамлакатларда эса ахборот хуружлари билан таъсир кўрсатиш устида иш олиб борилмоқда. Айниқса, маънавий таҳдид ва ёшлар онгини эгаллашга қаратилган ахборот хуружлари кун сайин авж олмоқда. Баъзи бир ғаразли кучлар томонидан бу борада турли усул ва услублардан фойдаланиб келинмоқда.
Ахборот хуружларининг ёлғон маълумот тарқатиш, ижтимоий онгни манипуляция қилиш, миллий-маънавий қадриятларни емириш, менталитетга мутлақо ёт бўлган қадриятларни тарғиб этиш, халқнинг тарихий хотирасини бузиш ва ўзгартириш, кибертерроризм каби турлари кенг тарқалмоқда. Таъкидлаш жоиз, глобаллашув жараёни авж олгани сари одамларнинг ахборот олиш, тарқатиш ва қабул қилишга бўлган талаб ва эҳтиёжлари тобора ортиб бораяпти. Ўзбекистонда ҳам интернетдан фойдаланувчилар сони кун сайин ўсиб, ҳозирги пайтда 22,1 миллиондан ошди. Уларнинг аксарияти ёшлар эканини ҳисобга олсак, бу ҳолат барчамизни янада огоҳ ва сергак бўлишга ундайди.
Куни кеча ярим тунга яқин юзлаб ёшлар россиялик блогер чақириғи билан Амир Темур хиёбонида тўпланди. Ижтимоий тармоқларда «Субо» номи билан танилган 22 ёшли блогер – Россия фуқароси Мамедов Субхан Мурад ўғли Тошкентга келган. Блогер аввалроқ ўз саҳифасида тез орада Ўзбекистон пойтахтида бўлиши ва обуначилари билан учрашиб, уларга пул тарқатишини маълум қилган. Шундан сўнг Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида уни кутиб олиш учун 200 га яқин ёшлар йиғилган.
Бундан кўринадики, ёшларнинг ёт ва зарарли ғояларга қарши курашиши учун мафкуравий иммунитетни шакллантириш зарур. Чунки тарқатилётган маълумотнинг асл мақсади нимага қаратилганлигини билмаслик, бундан кимларнинг манфаати кўзланганлигини англамаслик, кўр-кўрона тўзоққа тушиб қолишга сабаб бўлади.
Албатта, буларнинг ўзига хос сабаблари бор.
Биринчидан, ёшларнинг ижтимоий тармоқларда маълумотларнинг рост ёки ёлғонлиги бўйича аниқ тасаввурга эга эмаслиги.
Иккинчидан, четдан туриб ёшларни ҳар қандай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиши ва чақириқларга эргашиши.
Учинчидан, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар жамият учун қанчалик ижтимоий барқарорликка путур етказаётгани.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун муайян чора-тадбирларни кўриш талаб этилади. Хусусан, ижтимоий тармоқларда хавфсизликни таъминлаш халқаро тажрибасини ўрганиш асосида ахборот тизимларига ноқонуний суқулиб кириш ҳаракатларининг олди олинишини таъминловчи энг самарали дастурий-аппарат воситаларни қўллаш бўйича миллий фойдаланувчиларга тавсияларни ишлаб чиқиш, уларга маслаҳат кўрсатиш ва техник қўллаб-қувватлаш хизматларини йўлга қўйиш зарур.
Мухтасар қилиб айтганда, ёшларимизни чалғитишга, тўғри йўлдан адаштиришга қаратилган ахборот таҳдидлардан, ғаразли ахборот хуружларидан ҳимоялаш муҳим вазифага айланиши лозим.
Жаҳонгир ОЛИМОВ,
ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.