Дунёда коронавирус пандемиясининг учинчи тўлқини бошланди

 

Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Гебрейесус маълум қилди. Унга кўра, “делта” варианти зарарланиш ҳолатларининг ҳозирги ўсишининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан биридир. Унинг тарқалиши одамларнинг ўзаро ижтимоий мулоқоти, ҳаракатлари кучайиб бораётгани ва жамоат соғлиғини ҳимоя қилиш борасидаги ижтимоий чораларга амал қилинмаётгани ортидан ўсиб бормоқда.

Бугунга келиб делта-вариант дунёнинг қарийб 111 мамлакатида аниқланган. ЖСТнинг таъкидлашича, яқин орада у бутун дунёни қамраб олиши мумкин. Ҳозир эса биз пандемия учинчи тўлқинининг илк босқичида турибмиз.

Сўнгги тўрт ҳафта давомида дунё миқёсида коронавирус билан зарарланиш ҳолатларининг ўсиб бораётгани жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда. Маълумотларга кўра, бир неча ҳафтадан кейин COVID-19 билан оғриган беморлар ўртасида вафот этиш ҳолатлари ҳам ўсади. Ҳозирги кунда эса коронавирус ҳаётдан олиб кетган инсонлар сони 4 миллиондан ошди.

Дунё коронавирус пандемиясининг таҳдидли даврини бошдан кечираётган ҳозирги вақтда янада ҳушёр бўлиш, карантин чораларига сўзсиз амал қилиш талаб этилади. Вирусдан ҳимояланишнинг асосий воситаси эса, мутахассислар такрор-такрор таъкидлаётганидек, унга қарши эмланишдир.

← Рўйхатга қайтиш