Оққан дарё оқаверади

 

Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги сезиларли ўсишни бутун дунё эътироф этмоқда. Давлат раҳбари томонидан тубдан ўзгартирилиб, ташқи оламга ташланган янгича назар мамлакатимизни халқаро йирик муаммолар ечимида оддий кузатувчи давлатдан фаол иштирокчи, ташаббускор мамлакатлар қаторига олиб чиқиб улгурди.

 

Ташқи сиёсатда навбатдаги муҳим қадам

Ўзбекистон қўшни давлатлар билан ўзаро иккитомонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва манфаатли ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Пировардида, Қозоғистон Республикаси билан 2018 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошди, яқин вақтда бу кўрсаткични камида 5 миллиард долларга етказиш кутиляпти. Жорий йилда эса, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга ўсгани қайд этилди.

Қирғизистон Республикаси билан ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 2019 йил якунларига кўра, 818,4 млн долларни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткични 1 млрд долларга етказиш чоралари кўрилмоқда.

Қайд этиш керак, Ўзбекистон Тожикистоннинг етакчи иқтисодий ҳамкорларидан бирига айланиб бормоқда. Бу борада Ўзбекистон Тожикистон билан товар айирбошловчи давлатлар рейтингида учинчи ўринни банд этган. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2020 йил якунлари бўйича, 333,8 млн. долларни ташкил этган бўлиб, бу борада янада катта марралар белгилаб олинган.

Туркманистон билан кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми ҳам уч баробардан зиёдга кўпайди. Ўзаро савдо ҳажми 2020 йил якунларига кўра 530 млн долларга етди. Қисқа давр ичида 150 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг жорий йил апрель ойидаги учрашувида қайд этилди.

Ва ниҳоят, Афғонистон Республикаси. Мутахассислар фикрига кўра, 2020 йил ҳолатига кўра, Aфғонистон ташқи савдосида Ўзбекистоннинг улуши 7,4 фоизни, умумий импортида эса 8,3 фоизни ташкил этади. Ўз навбатида, Aфғонистоннинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 1,5 фоизни, экспортнинг умумий ҳажмида эса 3,4 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Aфғонистон билан савдо-сотиқда сезиларли ижобий балансга эга ва сўнгги уч йил ичида ушбу мамлакатга экспорт деярли 20 фоизга ўсди.

Ўзаро иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши умумий кўрсаткичлар яхшиланишида ҳам акс этиб, пировардида бошқа соҳалар, ҳусусан, ижтимоий-гуманитар, маданият ва туризм йўналишларида ҳам умумий ютуқлар салмоғи ошишига замин яратмоқда.

Шунинг билан бирга, ташқи таъсирларга нисбатан умумий қараш юзага кела бошлади. Мажозий маънода айтганда, Марказий Осиёнинг беш давлати ўзаро мушт ҳолатига келмоқдаки, бу бирдамлик фақатгина минтақа халқларининг ўзаро дўстона ва аҳилликда яшаши, тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига асос бўлади.

 

Бирлашиб, янги марралар сари

Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамкорликдан манфаатдорликни бугун барча соҳаларда кўришди. Бунда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувлари мунтазам ўтказиб келинаётгани муҳим ўрин тутишини ҳам алоҳида эътироф этиш зарур. Зотан, ўзаро ҳамжиҳатликдагина умумий мақсадларга эришиш мумкин. Бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси, эндиликда минтақавий ҳамкорликда ҳам яққол кўзга ташлана бошлади. Тошкент конференцияси бунинг ҳаётий исботидир.

Гарчи Покистон ва Ҳиндистон ШҲТ доирасида ва икки томонлама алоқалар билан Марказий Осиё мамлакатлари учун “янгилик” бўлмаса-да, Тошкент конференцияси ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг мутлақо янги даврини очиб бермоқда.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев, Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакилларининг иштироки бу борада келажакка янада ишонч билан қарашга асос бўлади.

Маълумки, жорий йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хоннинг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтган эди. Учрашувда Ўзбекистон-Покистон кўп қиррали шериклигининг долзарб масалалари, шу жумладан, конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт ва транзит соҳаларидаги амалий ҳамкорликни, ҳудудлар ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш, маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди. 2016 йилдан буён Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми тўрт бараварга ортганини инобатга олсак, давлат раҳбарларининг бу галги учрашуви фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солишда янада муҳим аҳамият касб этади. Энг асосийси, Ўзбекистоннинг денгиз портларига чиқишида Покистон энг муҳим манзиллардан биридир.

Аҳоли сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турувчи Ҳиндистон ҳам мамлакатимиз учун ҳар жиҳатдан қулай ва самарали ҳамкорлик ўрнатиш борасида муҳим давлатлардан бири. Бунинг қатор омиллари мавжуд. Хусусан, сўнгги пайтларда Ҳиндистон инглиз тилида сўзлашувчи мутахассислари туфайли халқаро корпорациялар очиладиган мамлакатга айланиб бормоқда. Мамлакатда тиббий туризм ривожланган. Шунингдек, дастурий таъминот, молиявий ва технологик хизматларнинг экспортчиси саналади. Бу эса, барча жабҳаларда тараққиётга эришишга жиддий киришган ва соҳалар ривожига технологик янгиликларни фаол жалб этаётган Ўзбекистондек давлат учун ўта самарали ҳамкорлик йўналиши демакдир.

2020 йилнинг январь-август ойлари бўйича Ўзбекистоннинг Ҳиндистон билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 198,4 миллион долларни ташкил этган эди.

“Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференцияси ана шундай шериклар билан мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, Конференция Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида муайян давлат эмас, минтақа даражасида мулоқот майдони вазифасини ҳам ўтагани билан тарихий аҳамият касб этади.

 

Тараққиёт тинчликни истайди

Албатта, сўнгги пайтларда Афғонистондаги вазият дунё ҳамжамиятининг жиддий эътиборида бўлиб турибди. Минтақавий ҳамкорликда кўзланган маррани забт этиш учун аввало тинчлик ва барқарорлик талаб этилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, конференция ишида Афғонистондаги вазият алоҳида мавзу сифатида белгиланди. Зеро ушбу масалани четлаб ўтиб, бугунги кунда минтақавий барқарорлик ҳақида гапириш мумкин эмас.

Яна муҳим бир жиҳат шундаки, Жанубий Осиё ва Жанубий Шарқий Осиё давлатларидан Европага амалга ошириладиган авиарейсларга транзит хизмат кўрсатиш ҳам иқтисодий томондан манфаатли йўналишдир. Мисол учун, уларга Термиз халқаро аэропортида ёқилғи қуйишига эришиш ҳам шаҳарда хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида манфаатли лойиҳаларни йўлга қўйиш имконини беради. Бунинг муҳим шарти эса, шубҳасиз, хавфсизлик ва қулайликни кафолатлашдир.

Бир сўз билан айтганда, асрлар оша ривожланиб, ўзаро уйғунликда кун кечириб келган халқлар йўлини бирлаштиришга замонавий Тошкент дипломатиясининг энг асосий ютуғи сифатида ишонч билдирилмоқда.

 

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш