Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллигини изчил ички ислоҳотлар ва янгиланган ташқи сиёсат билан кутиб олмоқда. Мамлакат ички ҳаётида кузатилаётган очиқлик, инновация ва янгиланишлар, шунингдек, иқтисодий либераллаштириш, бозорни ривожлантириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, рақамлаштириш, янги технологияларни жорий қилиш, таълим ва маърифат, фуқаролар фаоллиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясига эътибор – буларнинг барчаси, шубҳасиз, мамлакатимизнинг ташқи сиёсатига таъсир этмоқда. Аксарият халқаро экспертлар ва хорижий сиёсатчилар фикрига кўра, бугун Ўзбекистон Республикаси ўзининг мисли кўрилмаган очиқлиги ва жадаллиги билан ажралиб турган изчил, аниқ, прагматик ва конструктив сиёсатни олиб бормоқда.
Ташқи сиёсатдаги энг муҳим вазифалардан бири давлат ва жамиятнинг муваффақиятли ички ривожланиши, ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошишини таъминлаш, ҳаёт сифатини кўтариш учун қулай ташқи шароитни яратиш ҳисобланади. Иккинчи вазифа – Ўзбекистон атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантиришдир. Айнан мамлакатимиз жойлашган минтақадаги хавфсизлик барқарор ривожланишнинг энг асосий шартидир. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари – бизнинг бевосита қўшниларимиз билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни асосий устувор ташқи сиёсий йўналиш сифатида белгилаб берди. Ўзбекистон раҳбари ташаббусига биноан сўнгги тўрт йилда минтақанинг барча мамлакатлари билан олий даражадаги ташрифлар алмашинуви амалга оширилди. Минтақа давлатлари етакчилари ўртасида сиёсий мулоқот ўзаро ишончга асосланган мунтазамлик ва доимийлик касб этди. Бундай мулоқотлар давомида Марказий Осиё давлатларини қизиқтирадиган хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестиция, туризм, маданият, соғлиқни сақлаш ва экология соҳаларида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муҳим қўшма қарорлар қабул қилинмоқда. Натижада, тарихан қисқа вақтда Ўзбекистоннинг минтақадаги барча давлатлар билан муносабатлари тубдан яхшиланди. Давлат раҳбарлари ўртасида очиқ ва ишончли сиёсий мулоқотнинг мустаҳкамлаш натижасида минтақадаги қўшнилар билан муносабатларда 2016 йилгача мавжуд бўлган кўплаб мураккаб муаммоларга ечим топилди. Сиёсий алоқаларнинг фаоллашуви иқтисодий муносабатлар ривожланишига ҳам туртки бўлди.
Ўзбекистон Марказий Осиёда муҳим давлат ҳисобланади ва алоҳида роль ўйнайди. Тошкент ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббусларни илгари сурган ҳолда, минтақада бирон-бир устуворликни кўзламайди. Ўзбекистон ташаббуслари барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олади, консенсус тамойилига асосланади. Тошкентнинг фаол, ташаббускор ва конструктив дипломатияси туфайли шаклланган минтақадаги янги сиёсий реаллик Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида кенг доирали масалалар бўйича ўзаро ҳаракатларни кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатди.
Мамлакатимиз ташқи сиёсатида Жанубий Осиё ҳамиша устувор йўналиш бўлиб келмоқда. Аммо яқин-яқингача биз Жанубий Осиёга нисбатан асосан Афғонистон омили, яъни хавфсизлик нуқтаи назаридан ёндашиб келганимиз натижасида Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш каби давлатлар билан икки томонлама муносабатлар етарли даражада йўлга қўйилмади, мавжуд имкониятлардан фойдаланилмади. Буни рақамлар билан ифодалайдиган бўлсак, 2017 йил Ўзбекистоннинг Жанубий Осиёнинг етакчи давлатлари — Покистон билан савдо айланмаси атиги 36,5 миллион долларни, Ҳиндистон билан 323 миллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2020 йил 123 миллион доллар ва 442 миллион долларга етди. Ваҳоланки, давлатларимиз жуда юқори имкониятларга эга. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда халқаро муносабатлар соҳасида мазкур давлатлар билан ҳам муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик кучайди. Айтиш керакки, Жанубий Осиё биз учун йирик бозор, аҳоли нуфуси 2 миллиарддан ортиқ. Ялпи ички маҳсулоти 3,4 триллион доллар. Жанубий Осиё мамлакатларининг ўртача йиллик ўсиши 6-7 фоиз. Бу шуни ифодалайдики, ёнгинамизда шундай катта иқтисодий макон бор. Ундан унумли фойдаланиш икки томонга ҳам катта манфаат етказади.
Шу кунларда дунё экспертлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёвнинг мамлакат атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик камарини шакллантириш бўйича олиб борилаётган ташқи сиёсати ўз самарасини бераётгани ҳақида бонг уришмоқда. Бундай сиёсатнинг яна бир мисоли шу йилнинг 15-16 июль кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзуида бўлиб ўтаётган юксак даражадаги халқаро анжуман ва 2021 йил февраль ойида имзоланган Пешавор (Покистон)га темир йўл қурилишининг «йўл харитаси»дир. Бу лойиҳа Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига Ҳинд океани портларига чиқиш имконини беради. 2021 йил 2 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистоннинг юқори мартабали делегациялари иштирокида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт алоқалари бўйича уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув якунида Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор темир йўлини барпо этиш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди. Лойиҳанинг амалга оширилиши Марказий Осиё олдида турган стратегик вазифалардан бири – Ҳинд океани, хусусан, Покистоннинг «Карачи», «Касем» ва «Гвадар» портларига чиқиш имконини беради. Шунингдек, мазкур лойиҳа Жанубий Осиё темир йўл тизимини Марказий ва Евроосиё темир йўл тизимлари билан боғлайди ва бу билан бутун Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини анча оширади. Ушбу лойиҳа савдо алоқаларини кенгайтириш, Европа, Марказий Осиё, Покистон, Ҳиндистон, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ўртасидаги импорт ва экспорт ҳажмини ошириш имконини беради. Марказий Осиё мамлакатларининг денгиз йўлларига чиқишини таъминловчи Европани Осиё билан боғлайдиган транспорт йўналишларининг хилма-хиллиги минтақа давлатларининг глобал таъминот ва ишлаб чиқариш занжиридаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, трансафғон темир йўлининг қурилиши минтақавий хавфсизликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшади. Афғонистоннинг шимолий ва шарқий ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг яхшиланиши ушбу давлатнинг қўшни мамлакатлар билан хавфсизлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий ҳамкорлигини ривожлантириш ташаббусини амалга оширишдаги яна бир қадам “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзуида бўлиб ўтадиган юксак даражадаги халқаро анжуман ҳисобланади. Унда Марказий, Жанубий Осиё ва бошқа хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлар етакчилари, ташқи сиёсий ва ихтисослашган идоралар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, инвестиция жамғармалари, компаниялар, халқаро илмий тадқиқот ва таҳлилий марказлар раҳбарлари иштирок этмоқда. Ундан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича стратегик қарашларини намойиш этиш, иккала минтақа мамлакатларининг транспорт-транзит салоҳиятини амалга ошириш, истиқболли бозорларга чиқиш, инвестициялар, инновациялар ва технологияларни жалб қилиш, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини фаоллаштириш бўйича аниқ таклифларни муҳокама қилишдир.
Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётган “Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўли қурилиши минтақаларимизнинг иқтисодий ривожланишини тубдан ўзгартириши шубҳасиз. Иқтисодий таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, янги йўл ишга тушиши билан Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга битта контейнерни етказиш нархи 900 доллардан 286 долларга арзонлашади. Бундан ташқари, юк ташишга сарфланадиган вақт 35 кундан 3-5 кунгача қисқаради. Шу билан бирга, экспорт салоҳияти ҳам кескин ошади.
Икки минтақанинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш учун сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасида икки томонлама муносабатлар ва бир қатор халқаро ташкилотлар доирасида кўп томонлама фаол ташқи сиёсат олиб борилмоқда. Юқори даражадаги учрашувлар ташкил этиляпти. Бундан ташқари, трансминтақавий лойиҳалар ҳам ривожланмоқда. Уларни амалга ошириш жараёнида эришилаётган натижалар баробарида ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Унинг ечими эса, минтақаларни бирлаштиришнинг асосини ташкил этувчи муҳим йўналишлар бўйича ягона ёндашувга эга бўлишда. Шу маънода, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган икки минтақа ўртасидаги муносабатларни фаоллаштиришга қаратилган ишлар келгусида Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлик концепциясига асос солишга замин яратмоқда, десак муболаға бўлмайди. Ўзаро боғлиқликнинг йўлга қўйилиши – жиддий масала ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо-сотиқ ва сармоялар салоҳиятини очиш, одамлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг калитидир. Жаҳоннинг барча етакчи мамлакатлари, молия институтларидан қатнашаётган иштирокчиларнинг юқори даражаси ҳисобга олинар экан, бу форум Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида барқарор ва самарали ўзаро боғлиқликни яратиш ғоясини муҳокама этиш учун тарихий платформа бўлади. Марказий Осиё мамлакатлари бевосита денгизга чиқиш йўлига эга эмас. Давлатлар бир тўхтамга кела олса, барча бирдек манфаат кўради. Шу маънода, Марказий Осиё - Жанубий Осиё» стратегик боғланиш моделининг асосий йўналишлари - транспорт ва логистика, энергетика, савдо, ишлаб чиқариш, инвестиция, технология, маданий-гуманитар соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорликка доир масалаларни муҳокама қилиш учун сиёсий ва эксперт платформаси бўлишига мўлжалланган.
Абдували Сайбназаров,
ЎзХДП Ахборот хизмати раҳбари.