Парламент ҳисобот берди

 

Кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Парламент фаолияти: 2021 йил 6 ойлик якунлари бўйича энг муҳим натижалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказди.

Жорий йилнинг ўтган олти ойида парламент аъзоларининг ҳар ой охирги ҳафтасида ўз сайлов округларига чиқиб, аҳоли ва сайловчиларни ўйлантираётган масалаларни тизимли равишда ўрганиб бориш амалиёти изчил давом эттирилди. Хусусан, учрашувлар давомида депутатлар томонидан 6 550 та хонадонда учрашувлар ўтказилди. Уларда 98,6 мингдан зиёд фуқаро, шу жумладан 9 715 дан ортиқ тадбиркор билан бевосита учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди ҳамда 2 946 та ижтимоий соҳа объектининг фаолияти билан танишилди. Депутатларнинг мулоқотлари чоғида сайловчилар томонидан 11 763 та масала кўтарилди, шулардан 4 811 таси халқ вакиллари томонидан жойида ҳал этилди. Қолган муаммолар эса назоратга олинди.

Хусусан, ўтган даврда Қонунчилик палатаси мажлисларида Ҳукумат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан жами 11 маротаба ахбороти эшитилди ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 4 та парламент сўрови юборилди.

Ҳисобот даврида жойлардаги тизимли муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан яқиндан танишиш мақсадида қуйи палата мажлисларида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш мақсадида 4 маротаба “ҳукумат соати” ўтказилди.

Шу билан бирга, қўмиталар томонидан тегишли тартибда 23 марта назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Улардан 11 таси қонунлар ижросининг бориши, 3 таси давлат бюджети ижроси, 1 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларининг ижроси ҳолатини ўрганишга қаратилган.

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш