Мамлакатимизда COVID-19 вирусининг аҳоли ўртасида кенг тарқалишини олдини олиш, аҳоли саломатлигини таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Ҳисобот муҳокамаси чоғида, 2020 йилда айрим масалаларда камчиликларга йўл қўйилгани таъкидланиб, ҳозирда тезкор амалга оширилиши зарур бўлган муаммолар ечими бўйича таклифлар берилди.
Айни пайтда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам коронавирусга қарши аҳолини эмлаш ишлари ташкил этилмоқда. Эмлаш жараёнларини ташкил этилиши, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб борилиши бўйича соҳа раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Муҳокама жараёнида депутатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳали эътибор берилмаган муаммоларга хусусида тўхталиб, таклифларини билдиришди. Жумладан, Халқ демократик партияси депутатлари томонидан аҳолини соғлиғи, қолаверса, бутун бир жамиятимизда ушбу касалликликни кенг тарқалишини олдини олиш фақат вакцинация жараёнларини тўғри йўлга қўйиш билан боғлиқлигини инобатга олган ҳолда аҳоли ўртасида тарғибот олиб боришга етарли даражада эътибор берилмаётганлиги таъкидланди.
Сайловчилар томонидан билдирилган фикрлардан ҳам хулоса чиқариш мумкинки, аҳоли ўртасида вакцинанинг вирусга қарши курашдаги афзалликлари ҳақида етарли маълумотларга эга эмасликлари кўриниб турибди. Жумладан, турли ёндош касалликлар билан касалланган аҳоли томонидан эмлаш бўйича турли фикрлар тарқалган ҳоллари мавжуд бўлиб, мазкур қарама-қарши фикрлар эмлаш бўйича иккиланишларига сабаб бўлмоқда. Афсуски, вакцинага ишончсизлик билдираётган, ён-атрофдагиларни ҳам эмлаш тадбирларидан узоқлаштираётганлар касалланиш ва ўлим статистикасини кўпайтиришга хизмат қилаётганларини тушунмаяптилар.
Фракция йиғилиши ҳамда ялпи мажлисда эмлаш олишга монелик қиладиган касалликлар рўйхатини очиқлаш зарурлиги бўйича соҳа раҳбарига вазифа белгиланди. Бу ўз навбатида хизмат кўрсатадиган ташкилотларга, масалан, банк, солиқ тизими ёки бюджет ташкилотларидаги иш берувчиларга ходимларидан эмлаш бўйича кўрсатмалар бериш ёки вақтинча ишдан четлатиб туриш бўйича чоралар белгилаш учун асос бўлади, келгусида касалликни кенг тарқалишини олдини олишга хизмат қилади.
Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.