Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий ҳамкорлигини ривожлантириш ташаббусини амалга оширишдаги дадил яна бир қадами — “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида юксак даражадаги форумни ўтказишдан кўзланган мақсад, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничиликни минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида мустаҳкамлашдан иборат.
Шунингдек, икки мамлакат транспорт ва транзит салоҳиятини амалиётга жорий этиш, истиқболли бозорларга чиқиш, экспортни кенгайтириш, инвестициялар, инновациялар ва технологияларни жалб этиш, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини фаоллаштириш бўйича аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари суриш кутилмоқда. Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида ўзаро боғлиқликнинг йўлга қўйилиши ушбу минтақаларда инновацион муҳит яратиш, йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, савдо-сотиқ ва сармоялар салоҳиятини кенгайтириш, барқарор тараққиёт ва тинчликни таъминлашга қаратилган.
Мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бу – Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашдан иборат. Шунингдек, давлатимиз ташқи сиёсатида очиқлик, жадаллиги билан ажралиб турган изчил, аниқ, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат олиб борилмоқда. Ўзбекистон ташқи сиёсатинининг асосий йўналишларидан бири Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш ҳамда минтақада тинчлик, хавфсизлик, барқарорликни таъминлаш орқали, давлат ва жамиятнинг муваффақиятли ички ривожланиши, ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошишини таъминлаш, ҳаёт сифатини кўтариш учун қулай ташқи шароитни яратиш асосий мақсад ҳисобланади.
Ўзбекистон ўзининг очиқ ташқи сиёсатида нафақат яқин мамлакатлар, балки бошқа минтақалар билан яқинлашишни мақсад қилиб қўйган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши экани” ҳақидаги баёноти бу йўналишда илгари кўрилмаган фаол саъй-ҳаракатларнинг тасдиғи бўлган. Йиллар давомида ҳал этишни ва бунинг оқибати сифатида минтақадаги вазиятни яхшилашни талаб этган минтақавий аҳамиятга молик долзарб вазифаларни ҳал этиш узоқ кутилган воқелик эди.
Бу жиҳатдан Жанубий Осиё йўналиши муҳим аҳамиятга эга. Зотан, минтақа бой ички салоҳияти, халқаро сиёсий майдонда ўзига хос ўрни ҳамда жаҳон бозорларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эгалиги билан ажралиб туради.
Денгиз портларига чиқиш ҳамда бу бўйича қулай транспорт коридорларини яратиш Ўзбекистон учун стратегик вазифа. 2021 йилнинг февраль ойида Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётган Покистон портларига олиб чиқувчи “Мозори Шариф-Кабул-Пешовар” темир йўли қурилиши минтақаларимизнинг иқтисодий ривожланишини тубдан ўзгартириши шубҳасиз. Эндиликда Покистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш асносида мамлакатимиз яна бир йирик транспорт-логистика лойиҳаси — Пешаворга олиб борувчи трансафғон темир йўли қурилиши бўйича ҳамкорлик қилмоқда.
Яқин-яқингача Афғонистон ва Покистонга фақат таҳдид манбаи сифатида қараларди. Улардан имкон қадар узоқлашиш, барча даражадаги алоқаларни формал тусда олиб бориш тенденцияси мавжуд эди. Бироқ 2016 йилда Ўзбекистон бу масалага ёндашувини кескин ўзгартирди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан тарихда биринчи маротаба қўшни Афғонистонни имкониятлар мамлакати, дея эътироф эта бошладик. Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий манфаатларига жавоб берадиган трансафғон транспорт йўлакларининг қурилиши мамлакатимизнинг дунё билан савдо-сотиқ қилиши, миллий маҳсулотларнинг ҳамёнбоплигини таъминлаши, экспорт салоҳиятимизни ошириб, иқтисодий тараққиёт сари илдамлашимизга ёрдам бериши билан бирга, қўшни Афғонистонга ҳам катта фойда келтиради.
Шунингдек, Афғонистоннинг халқаро савдо-иқтисодий муносабатлар тизимига қўшилишидан Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари манфаатдор бўлади.
Дилбархон Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.