Ишонч ва яхши қўшничилик икки йирик минтақада сиёсий ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади

 

Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничиликни ҳар икки минтақанинг барча халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида мустаҳкамлаш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида конференция ўз ишини бошлади.

Анжуманда ушбу икки йирик минтақа давлатлари раҳбарларидан ташқари, бир қанча ҳалқаро ташкилотлар ҳам қатнашиш истагини билдиргани, албатта давлатимиз раҳбарининг ташаббусларини халқаро ҳамжамият ҳам фаол қўллаб-қувватлаётганидан далолатдир. Осиёнинг ҳар икки минтақасида кўп асрлик ўзаро алоқаларни, савдо, транспорт ва логистика, иқтисодий алоқалар билан бир қаторда маданий алмашинувларни йўлга қўйишга қизиқиш юқори.

Ушбу ҳалқаро анжуман мамлакатимизда ҳалқаро иқтисодий ва сиёсий алоқаларда ҳамкорликка очиқ бўлган янги давр бошланганининг яна бир исботи бўлди, десам муболаға бўлмайди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувлари мунтазам ўтказиб келинаяпти. Бу ўз навбатида, ҳамкорлик алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Халқаро конференцияда минтақалар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, айниқса инвестициялар ва йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Савдо-сотиқ жараёнларини ташкил этишда товарларни етказиб бериш муддатларининг қисқартирилиши, ҳалқаро транзит юкларини манзилга қисқа муддатларда сифатли етказиб бериш нафақат ушбу икки йирик минтақа давлатларининг иқтисодий барқарорлигига, балки жаҳондаги барча давлатларда товар айрибошлаш бўйича имкониятларини оширади. Энг асосийси, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозорларига чиқиб бориш имкониятлари кенгаяди. Ишлаб чиқариш таннархлари пасаяди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу халқаро конференция Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни тиклаш, ишонч ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлади.

 

Шоҳиста ТУРҒУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш