ЎзХДП маҳаллий кенгашларида: Жамоатчилик қабулхонаси – фаолиятимиз ойнаси

 

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳий интилишлар қамровидаги янгиланишлар сиёсий партиялар олдига ҳам ғоят тиғиз ва долзарб вазифаларни қўймоқда. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили давлат дастури”га мувофиқ ЎзХДП ҳам ўз мақсадларини янгича ўзанларга бурди. Бу партия фаоллари ва депутатлар корпуслари фаолиятини янги босқичга кўтариш, аҳоли, айниқса, ёшлар билан ишлашни кучайтиришни тақазо этади. Шундан келиб чиқиб, партиянинг Наманган вилояти кенгаши ҳам ўз тарғибот ишлари таъсирчанлигини таъминлашда янгича усулларни қўллашга эътибор қаратмоқда.

Шуни бир қадар мамнунлик билан айтиш ўринлики, бошқа сиёсий партияларга нисбатан ЎзХДП Марказий ҳамда маҳаллий кенгашлари қошида фуқаролар мурожаатлари билан ишловчи Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этилгани ва бу қабулхоналар электоратимиз манфаатларини ҳимоялашда сезиларли натижалар бераётгани янги-янги лойиҳалар асосида иш ташкил этишимизни тақазо этаётир.

Жамоатчилик қабулхоналарига аҳоли турли қатламларидан келиб тушаётган мурожаатлар замондошларимиз партиямиз ва депутатларимизга ишончи юқорилигидан далолат беради.

2020 йил давомида партия вилоят, шаҳар ва туман кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхоналарига 966 тадан зиёд мурожаатлар келиб тушганди. Мурожаатларнинг 85 фоизи ижобий ечимини топдики, бунда депутатларимиз билан партия ташкилотларининг мунтазам яқин ҳамкорликда фаолият юритаётгани қўл келди.

Электоратимизни ўйлантираётган муаммоларни атрофлича ўрганиш, муҳим ижтимоий масалаларни сессияларга олиб чиқишда, ҳаётий таклиф ва ташаббусларнинг кўпайишида ҳам жамоатчилик қабулхоналари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жамоатчилик қабулхоналари нафақат электорат вакилларини қийнаётган масалалар, балки аҳоли кенг қатламлари манфаатларини таъминлашга тўсиқ бўлаётган муаммоли масалалар ечимига ҳам асос бўлмоқда. Амалдаги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”нинг ўтган олти ойи давомида ҳам партия кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига фуқаролардан 438 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 214 (58,3 фоизи) таси бевосита партия масъул ходимлари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан ижобий ҳал этилди. Мурожаатларни мазмун-муддаосига кўра таҳлил этадиган бўлсак, улардан 24 таси коммунал (газ, сув, электр таъминоти) соҳасига, 64 таси ишсизлик билан боғлиқ бандликни таъминлаш, 45 таси ўз тадбиркорлик фаолияти ва бизнес юритишга мойил қобилиятини юзага чиқариш учун имтиёзли банк кредитлари олиш юзасидан, 57 таси уй-жой масаласи билан боғлиқдир.

Бугунги кунда жамоатчилик қабулхоналари кўпроқ Давлат хизматлар агентлигида, Халқ қабулхоналари тизимида йўлга қўйилган. Улардан фарқли равишда биз партия кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналаримиз иш услубини ўзгартирдик. Яъни, кўпроқ чекка қишлоқ ҳудудларида сайёр қабул тарзида мурожаатлар қабул қилмоқдамиз. Сайёр қабулларнинг ўзига хос жиҳати шуки, айрим мурожаатларни қабул жараёнидаёқ ҳал этиш имконияти юзага келмоқда.

Яқинда Норин тумани “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган депутат Азиза Рахмончаева иштирокидаги сайёр қабулда Бобур маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўш турган бинони ижарага олиб, эшик-дарвозалар ясашга 3 нафар ишсиз йигитнинг бандлигини таъминлаб келаётган Хусниддин Хасанбоевнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва ишчи ўрнини кўпайтириш учун Халқ банки туман филиалидан кредит олиш бўйича мурожаати ўз жойида Халқ банки туман филиали масъул вакили Авазбек Рахмонов зиммасига юклатилиб, хужжатлари қабул қилиб олинди.

Шунингдек, «Зарбдор»маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи, “Ёшлар дафтари” рўйхатига олинган, 1999 йилда туғилган Гулчеҳра Султановага тикув машинаси берилди.

Наманган шаҳар “Алпомиш” МФЙда яшовчи Азимова Мастура, мурожаатига мувофиқ, вилоят партия кенгаши ҳамда Наманган шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи тавсияси билан Наманган шаҳридаги ИШГА МАРҲАМАТ мономарказига аёллар кийимини моделлаштириш бўйича ўқув курсига қабул қилинди.

Яна бир мурожжатчи Шахзода Исақова 2-гурух ногирони, Наманган шаҳар Алпомиш МФЙ, Бураматут кўчаси 66-б уйда яшайди. Фарзанди Исақов Муҳаммад жорий йил бошида Қирғизистон Республикасига ишлаш учун кетган. Лекин у ерда яхши ишлай олмаганлиги учун фарзандини чақириб олиш ва иш билан таъминлаш юзасидан мурожаат этган. Мазкур мурожаат Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Аюбхон Ғайбуллаев томонидан ижобий ҳал этилди. М.Исоқовга Наманган шаҳридаги Даштбоғ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан жой ажратилиб, новвойлик фаолиятини йўлга қўйиши учун тандир олиб берилди.

Таъкидлаш лозимки, партия туман кенгашларида Жамоатчилик қабулхонасига масъул ходимларни аҳоли ўзига яқин тутади. Наманган шаҳрида Дилноза Ўринбоевани, Учқўрғон туманида Абдуллажон Қодировни, Янгиқўрғон туманида Соҳиба Жумановаларни аҳоли вакиллари эътироф этишади.

Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини такомиллаштириш ва фуқаролар мурожаатлари асосида муаммоли масалаларни ижобий ечим топишида сидқидилдан иш олиб бориш фаолиятимизнинг муҳим мезони бўлиб қолади.

 

Мўътабар ҚОЗИЕВА,

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раисининг ўринбосари.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш