Бошланғич партия ташкилотлари ҳар қандай сиёсий кучнинг ҳаракатлантирувчи ва таянч нуқталари бўлиб, уч нафардан кам бўлмаган партия аъзоларидан уларни яшаш ва иш жойида бевосита бирлаштириш мақсадида тузилади. Шунга кўра, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд шаҳар кенгаши томонидан партия тарафдорлари ва фаол аъзоларидан иборат бошланғич партия ташкилотлари ташкил қилинган бўлиб, партия Уставида эътироф этилганидек, партиянинг дастурий мақсадларини ҳамда ғояларини электоратимиз ва халқимиз орасида кенг тарғиб этишда фаол иштирок этиб келмоқда.
Жумладан, шундай фаоллардан бири — “Мурувват уйи” бошланғич партия ташкилоти бугунги кунда ўзининг 184 нафар партия аъзоларини ўз атрофида бирлаштирган ҳолда партия электоратининг турли ижтимоий гуруҳ вакиллари билан ҳамкорликда уларни ўйлантирётган муаммоларини бартараф этиш бўйича мутассади ташкилотлар билан амалий ишлар олиб бормоқда.
“Мурувват уйи”да ногиронлиги бўлган шахслар, турли ёшдаги руҳиятида сезиларли нуқсонлари бор биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаролар истиқомат қилиб, уларнинг яримини аёллар ташкил қилади. Биз бу бошланғич партия ташкилотининг ўрнини беқиёс деб биламиз, чунки ушбу “Мурувват уйи”да истиқомат қилаётган партиямиз электорати ҳисобланмиш ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган ёши улуғ инсонларни кўнглига қараб, парваришлаб, соғлиғидан доимий хабардор бўлиб туну-кун улар билан биргаликда хамдарду-хамнафас бўлиб келаётган муассаса маъсулларининг фаолияти партиянинг вилоят ва шаҳар Кенгашлари раҳбарияти томонидан рағбатлантирилиб, эътироф этилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 22 май куни мазкур бошланғич партия ташкилотида “КЕКСА-НУРОНИЙЛАР ПАРТИЯ ЭЪТИБОРИДА” лойиҳаси доирасида "Мурувват уйи"да истиқомат қилаётган аёллар малакали шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларни соғломлаштиришга қаратилган чоралар белгилаб олинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган ушбу муассаса бошланғич партия ташкилоти раиси Дилфуза Атамова меҳрга ташна қалбларидан ўз ёрдамини аямайди.
— Ҳар куни ишга келганимда бу ердаги ногиронларга, айниқса, аёлларга бирма-бир разм соламан, имкон қадар улар билан суҳбатлашиб кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламан. Бу йўлда мен ўзимнинг асосий вазифам орқали яъни ногиронлиги бўлган, ҳаёт гўзалликларидан деярли бебаҳра бундай инсонларга таом тайёрлаб бериш орқали имкон қадар шикаста қалбларга қувонч улашаман, — дейди Атамова.
Ҳа, одамлар дардига дармон бўлмоқ ва уларнинг муаммоларига нисбатан ҳозиржавоблик эл ишончига сазовор бўлишда муҳим ўрин тутади.
Ўктам Сулаймонов,
Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари.