Оила эътибордан четда қолганмиди?..

 

Жорий йилнинг 13 июль куни «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «БУХАРА • BUKHARA» гуруҳида ўйинчоқларини сотаётган қиз тасвирланган сурат эълон қилинган ва унга кўра бола нон сотиб олиш учун шундай йўл тутишга мажбур бўлган. Ўқувчилар томонидан қолдирилган фикрларда маҳаллий ҳокимият ва маҳалла идоралари шаънига кескин танқидий фикрлар билдирилган. Жумладан, муаллиф «Alisher Tagirov»: “Бизда "CITY"лар қурилаётган айни вақтда, болаларимиз нон сотиб олиш учун ўйинчоқларини сотишга мажбур бўлмоқда”, деб изоҳ қолдирган.

Мазкур ҳолат Халқ демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши масъул ходимлари ва мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, суратда акс эттирилган қиз Надежа Седак бўлиб, 2013 йилда Бухоро шаҳрида туғилган, 1-гуруҳ ногирони, умумтаълим ўрта мактабининг 2-синфида ўқийди. Оила бошлиғи сурункали ичувчи, ҳеч қаерда ишламайди. Қизалоқнинг онаси ҳам 1-гуруҳ ногирони. Оилада уч нафар фарзанд бор.

Оила “Кам таъминланган оилалар” рўйхатида, “Намозгоҳ” МФЙнинг доимий назоратида туради. Уларнинг аҳволидан 5-сон оилавий поликлиника ходимлари мунтазам равишда хабар олиб келмоқда. “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Бухоро вилоят бошқаруви томонидан А.Седакка ногиронлик аравачаси, қизи Надеждага кийим-кечак ва ўқув қуроллари совға қилинган. Шунингдек, оилага бир марталик пул кўринишида моддий ёрдам кўрсатишга қарор қилинган. Бундан ташқари, 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Маълум бўлишича, аввалроқ оилага 1 млн. 800 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг илтимосига кўра, хонадонларининг кириш эшиги янгисига алмаштирилиб берилган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, эҳтиёжманд оила тақдир ҳукмига ташлаб қўйилмаган. Буни ҳаммадан кўпроқ ушбу оила яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинидагилар яхши билишади. Ҳақиқий ҳолатни билмасдан туриб аюҳанос солиш, турли иғво гапларни тарқатиш эса воқеликни бузиб кўрсатишга уринишдан бошқа нарса эмас.

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши ва маҳаллий депутатлик гуруҳи бу оилани назоратга олиб, шаҳар мутасаддилари билан биргаликда уларга кўмак кўрсатишни давом эттиришга қарор қилди.

 

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш