Бугун мамлакатимизда фаол ва интилувчан аёллар сафи тобора ортиб бормоқда. Ана шундай аёллар партиямиз сафида талайгина. Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Шоҳиста Набиевани Бухорода фаол партия ходими, меҳрибон она, фаол тарғиботчи сифатида барча танийди. Шоҳиста Набиевани доно сиёсатчи аёллардан бири сифатида алоҳида эътироф этишлари замирида албатта узоқ йиллик меҳнатлари самараси ётади. Ш. Набиеванинг меҳнат фаолиятига назар ташлар эканмиз, умрининг энг асосий қисмини сиёсат майдонида кечганига гувоҳ бўламиз.
Фаол тарғиботчи ва теран фикрли инсон сифатида ҳаётимизда, жамиятимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, юртимизда қўлга киритилаётган улкан ютуқларни, шу жумладан, мамлакатимизни янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини аҳолига оддий ва халқчил тилда кенг тушунтириб, вилоят аҳлининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб келаётир. Шоҳиста Набиева ташаббуси билан турли лойиҳалар, акциялар, давра суҳбатлари ҳамда тарғибот тадбирлари доимий равишда ўтказиб келинмоқда. Аҳолининг ҳаётий муҳим муаммоларини чуқур ўрганиш, уларга ечим излаш, инсон қалбига йўл топишда бой тажрибага эга партия фаоли сифатида ХДП “Жамоатчилик қабулхоналари”га фуқаролардан келиб тушган ёзма ва оғзаки мурожаатларни ўз вақтида ўрганиб, уларни тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ҳал қилишга эришиб келмоқда. Натижада вилоят аёлларининг яқин кўмакдошига айланиб улгурди ҳам.
– Мен оддий ўзбек аёлиман, мамлакатимизда аёлларга кўрсатилаётган эътибор, биз учун яратилаётган имкониятлар мени шу даражага етказди, – дейди Шоҳиста Набиева. – Аёллар истеъдоди, ташаббуси қўллаб-қувватланаётган бир пайтда ҳар бир хотин-қиз ўз имконияти, билими, салоҳиятини рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилиши керак.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётгани натижасида оилага, аёл зотига бўлган муносабатимиз ўзгариб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланди. Аёл гўзал бўлса — олам гўзал, аёл бахтли бўлса — оила, бутун жамият бахтли бўлади, деган қараш онгу шууримизга чуқур кириб бораётгани ва бизнинг ҳаётий фалсафамизга айланаётганини ҳар томонлама англаб етаяпмиз. Аёли улуғланган юртда яшашдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Оиланг тинч, турмушинг обод, фарзандларинг бағрингда камол топаяпти. Меҳнат қилишинг, изланишинг, умуман айтганда, бор имкониятларингни рўёбга чиқаришинг учун барча зарур шарт-шароит яратилган. Бугун шу нарсага амин бўлдимки, астойдил меҳнат қилган одам, албатта, унинг роҳатини кўрар экан. Шукр, турмушимиз фаровон, бировдан кам жойимиз йўқ. Тўйлар қилаяпмиз, уй-жойлар солаяпмиз, ҳар йили санаторийларда дам олмоқдамиз. Сартарошхона, гўзаллик салони, новвойхона ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари хизматимизда. Аёллар иқтисодий, ижтимоий томондан кенг қўллаб-қувватланаётир. Хотин-қизларнинг бахти, камоли, истиқболини кўзлаган ва буни олий мақсад, деб билган мамлакат дунёда камдан-кам топилади. Ана шундай юртда яшаётганимдан беҳад фахрланаман.
Шоҳиста Набиева ўзининг самимийлиги, халқ дардини ўз дардидан устун қўя олиши, муаммога тезкор ва тўғри ечим топа олиши ортидан маҳалла куй ва жамоаси орасида ишонч ва ҳурмат қозона олди. Зеро,меҳнатдан топилган бахт, машаққат эвазига эришилган обрў, фидойилик ортидан эгалланган мартаба муштараклигида бахтли инсон мақомига эришилади. Жамият ривожи йўлида амалга оширган эзгу ишлари силсиласи унга куч бўлиб қўшилаверади ва умрининг ёрқин дақиқаларига айланиб, барчаси биргаликда саодатмандлик шоҳсупасини намоён этади. Шу саодатмандлик шоҳсупаси соҳибаси ХДПнинг энг фаол аёли Шоҳиста Набиеванинг келгуси ишларига омад тилаб қоламиз.
Шаҳло Бақоева,
“Бухоронома” мухбири.