ХДП Бошланғич ташкилотларида: Шиддатли жараёнлар фаолликни талаб қилади

 

Ўзбекистон ХДП Ҳаракат дастурида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб тасдиқланган тиғиз иш режаси асосида шаҳар партия кенгаши ўз фаолиятини олиб бормоқда. Фаолиятимиз давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари, хусусан, кексалар ва ногиронлар ҳамда хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб — қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, куни кеча шаҳримиздаги “Боғзор” маҳалласида ана шундай хайрия тадбири ташкил этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор 2 та оила ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳомий ва ташкилотчилар томонидан совғалар улашилди.

Қайд этиш ўринлики, партиямиз электорати манфаатларига тўла мос келувчи бу каби чора-тадбирларда бошланғич партия ташкилотларимиз яқиндан кўмакчи вазифасини ўтамоқда.

Хусусан, вилоят наркология диспансерида ХДП аъзолари 38 нафарни ташкил этади. Диспансер бошланғич партия ташкилоти бошлиғи Отабек Бердиев турли маънавий –маърифий ҳамда ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган тадбир ва акцияларда ўзининг жонбозиги билан эътиборга тушган.

Термиз нефт базаси МЧЖ бошланғич партия ташкилоти фаолиятида ҳам изчиллик, даврга ҳамнафаслик яққол сезилади. Ташкилотнинг 49 нафар аъзоси бор. Бошланғич ташкилот раҳбари Эргаш Намозов партия аъзоларини ўз атрофига бирлаштириб, партия ғоялари ва мақсадларини ҳаётга тадбиқ этишда ўз ташаббускорлигини намоён этиб келмоқда.

Бу каби фикрларни Термиз Минтақавий темир йўл узели бошланғич партия ташкилоти мисолида ҳам келтириш мумкин. Ташкилотнинг жонкуяр раҳбари Камолиддин Каримов ва ташкилотга бирлашган 25 нафар ХДП аъзоси ўзларининг сиёсий фаолиятини сидқидилдан рўёбга чиқариб келмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бошланғич ташкилотларимизда аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаб боришга ҳам доимий эътибор мавжуд.

Бир сўз билан айтганда, оддий одамларнинг турмуш фаровонлигига эътибор кун сайин кучайиб бораётган бугунги шиддатли, сиёсий–ижтимоий жараёнларда бошланғич ташкилотлар фаоллиги муҳим аҳамят касб этади.

Биз ўз фаолиятимизда бу масалага устувор аҳамият қаратмоқдамиз.

 

Нодира НОРМИРОВА,

ХДП Термиз шаҳар кенгаши раиси.

 
← Рўйхатга қайтиш