Солиқ сиёсатида ижтимоий адолат тарафдоримиз

 

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар бўйича ислоҳотларни самарали ижросини таъминлаш мақсадида солиқ тизимини янада такомилаштириш, уни демократик тамойилларга асосланган ҳолда замон билан ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб боришни бугунги жараённинг ўзи тақозо қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини ҳаётга жорий этиб бориш натижасида бир қатор солиқлар ва йиғимлар унификация қилинди, жисмоний шахслар учун даромад солиғининг энг юқори ставкаси 22 фоиздан 12 фоизгача, ягона ижтимоий тўлови 25 фоиздан 15 фоизгача туширилиши, фуқароларнинг 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилинди. Юридик шахслар мол-мулк солиғи 5 фоиздан 2 фоизгача, фойда солиғи 14 дан 12 фоизгача, кичик бизнес субъектлари ягона солиғи 5 фоиздан 4 фоизгача, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди.

Давлат томонидан бошқа соҳалар сингари солиқ тизими борасида солиқ тўловчиларнинг манфаатларини юқори даражада эътиборга олинган солиқ ислоҳотлари изчил амалга оширилаётган бир шароитда, инсон манфаатлари учун мисли кўрилмаган шарт-шароитлар яратилаётган бир пайтда солиқ тўловчилар томонидан солиқларни ўз вақтида тўлаш ҳисси барча учун муҳим вазифага айланмоғи лозим.

Ўзбекистон ХДП солиқ сиёсати борасидаги позицияси табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш тарафдоридир. «Солиқ хизмати — инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори» деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш замирида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажарганлиги учун нафақат тадбиркорлик субъектларини балки, партия электорати бўлган аҳоли қатламларини ҳам рағбатлантириш чоралари кўрилиши лозим деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 10-моддаси адолатлилик принципида солиқ имтиёзлари ва бошқа афзалликларни белгилашга йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлиб, давлатнинг ижтимоий ҳимоя борасида амалга ошираётган ислоҳотларига зид кўриниш касб этмайди(ми)?!

Билакс, ушбу кодексда иқтисодий зоналар иштирокчилари, инвесторлар учун айрим солиқларни тўлашдан озод этишни, пасайтирилган солиқ ставкаларини ва бошқа солиқ имтиёзларини қўллашни назарда тутганлиги адолатлилик бор жойда тенглик юзага келишига сабаб бўлади.

Тарихга назар ташласак, ижтимоий давлатчилик тушунчаси XIX аср охири ХХ аср бошларида вужудга келди. Давлатнинг ижтимоий йўналтирилган сиёсатни таъминлаш мажбурияти ғояси илгари сурилди. Бунга кўра, давлат “ижтимоий тенгсизлик” ни бартараф этиши, яъни бойлик ва қашшоқлик ўртасидаги нисбатни мувозанатлаши лозим эди. Шу тариқа давлатнинг “иккинчи авлод” инсон ҳуқуқларини (яъни, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар) таъминлаш билан боғлиқ фаолиятини назарда тутувчи “ижтимоий давлат” ғояси, таълимоти пайдо бўлди. Илмий манбаларда кенг тарқалган талқинга биноан, ижтимоий давлат, энг аввало, ижтимоий адолат ҳақида, ўз фуқароларининг фаровонлиги, уларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги хусусида ғамхўрлик қиладиган давлатдир.

Давлат ижтимоий йўналтирилган сиёсат юритиши, ижтимоий тенгсизликни ижтимоий адолат талаблари асосида мувозанатлаштириши, ижтимоий ривожланишда мўътадиллик ва барқарорликни таъминлаши лозим. Ҳар бир давлат ғазнаси албатта, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда божхона тўловлари асосида шакиллантирилади. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш натижасида давлат ва солиқ тўловчи (жисмоний ва юридик шахс) ўртасидаги ижтимоий муносабатлар вужудга келади. Солиққа оид муносабатларини тартибга солиш учун бир қатор норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар асосида солиқ тарғиботининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган.

Ўзбекистон солиқ сиёсатида келгусида бюджетнинг даромад қисми ўсиб боришини рағбатлантирадиган замонавий юмшоқ солиқ тизимини яратиш, солиқ юкини мақбуллаштириши, узоқ муддатли солиқ бошқаруви қоидаларига ўтиш, инвесторлар учун солиқ ставкаларини музлатишнинг махсус тартибини ишлаб чиқиш, солиқ тўловчиларга имтиёзлар беришнинг самарали механизмини ишлаб чиқиш, солиқ қонунчилигини янада мақбуллаштириш ва соддалаштириш, солиқ қонунчилигини бузганлик учун юридик жавобгарлик тизимини такомиллаштириш орқали мамлакат иқтисодиётини узоқ муддатли ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширади.

 

Шохрух ЎКТАМОВ,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари,

Ёшлар парламенти аъзоси.

 

Теглар

yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш