Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган нутқида ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, маданий савияси, бир сўз билан айтганда, тарбияси йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини янада кучайтириш масалаларига жиддий эътибор беришимиз зарурлиги устувор вазифа сифатида белгилаб берилган эди.
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ёшлар қаноти томонидан ёшларни ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги, жойлаштирилаётган “контент”ларнинг маънавий савияси, тарбиявий самарадорлиги, уларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш масалаларига қаратилгган “Ахборот хуружининг ёшлар онгига таъсири ва унга қарши курашиш” мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинарда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ХДП фракцияси депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, партиянинг вилоят кенгашлари масъул ходимлари ва ёшлар билан ишлаш секторлари мудирлари, Ёшлар парламенти аъзолари, Ёшлар клуби етакчилари ҳамда партиянинг фаол ёшлари иштирок этди.
Семинарда сиёсий фанлар номзоди, доцент Хайрулла Умаров маъруза қилиб, сиёсий соҳада ахборот омили тобора сезиларли аҳамият касб этиб бораётгани, мамлакатларнинг ташқи сиёсатда эришаётган муваффақиятлари нафақат ҳарбий қудрат ва иқтисодий салоҳият билан, балки жаҳон миқёсида кечаётган ахборот ва маданий соҳалар устидан назорат ўрнатишни таъминлаш билан белгиланиб берилиши тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шундан сўнг маъруза юзасидан шаҳар, туман студиялари орқали семинарда иштирок этаётган ёшлар ўзаро фикр алмашдилар. Хусусан, ахборот асрида ўзлигимизни англатувчи мафкуравий тарбия масалалари таълим даргоҳларида яхши ўргатилмаётганлиги ҳамда ҳозирги кундаги ОАВлари томонидан ҳам ўзлигимизга мос бўлмаган турли реклама ва чорловларнинг кўпайиб кетаётганлиги тўғрисида танқидий фикрлар илгари сурилди. Шунингдек мактаб муассасаларида тарбия дарсларининг соатларини кўпайтириш ва ёшларни ёт ғояларга қарши тарбиялашда ота-оналарнинг масъулиятини ошириш борасида таклифлар билдирилди.
Семинар иштирокчилари мавзу бўйича ёшлар ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришга қарор қилдилир.
Жаҳонгир Кабиржонов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.