Маълумотларга кўра, “Аёллар дафтари”га 433 минг нафар аёл 9 та мезон асосида рўйхатга киритилган. Уларнинг 253 минг нафарини ишсизлар, 44 минг нафари тиббий, 48,5 минг нафарини ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтожлар, 37 минг нафарини боқувчисини йўқотганлар, 33,5 минг нафарини ногиронлиги бўлганлар, (шундан 4,5 минг нафари уй-жойини таъмирлашга муҳтож), 9 минг нафарини нотурар жойда яшовчилар, 8 минг нафарини ногиронлиги бўлган фарзандини тарбиялаётган ёлғиз аёллар ташкил этади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Аёллар қаноти” томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этишда ёрдам бериш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида барча ҳудудларда бир қатор лойиҳалар, тадбирлар ташкил этилди. Лойиҳаларга барча даражадаги депутатлар, партия гуруҳи аъзолари жалб қилинди ва уларнинг кўмаги билан кўплаб аёлларнинг муаммолари, уларни қийнаётган масалалар ҳал этилди.
Юқорида таъкидланганидек, “Аёллар дафтари”га киритилганларнинг аксарияти, яъни 253 минг нафарини ишсизлар ташкил этиши инобатга олинган ҳолда, партия томонидан ушбу йўналишда чора-тадбирлар кўрилишига асосий эътибор қаратилди. Жумладан, партиянинг “Аёлларга кўмак”, “Депутат маҳаллада” лойиҳалари доирасида “Бўш иш ўринлари ярмаркалари” ташкил этилиб, 4000 дан ортиқ хотин-қизларнинг иш билан таъминлашга ёрдам берилди, 3000 га яқин хотин-қизлар тажрибали устозларга шогирдликка бириктирилди. Депутатлар кўмаги билан 2000 дан ортиқ хотин-қизларга кредит ажратилишига ёрдам кўрсатилди ва улардан 1409 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш билан бирга янги иш ўринлари ҳам ташкил этмоқдалар.
Ўрганиш ва таҳллилар шуни кўрсатмоқдаки, аёллар кўпроқ тадбиркорликка қизиқишмоқда. Шундан келиб чиқиб, партиямиз сафидаги тадбиркор аёлларни лойиҳаларимизга жалб қилаяпмиз ва бу ўз натижасини бермоқда. Жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилганларни тадбиркорликка ўргатиш ва ушбу йўналишга жалб этиш ишлари вилоятлар кесимида таҳлил этилганда, бу борада Тошкент вилоятида самарали ишлар амалга оширилаётганлигининг гувоҳи бўлдик.
Хотин-қизлар ўз ишига масъулият ва виждонан ёндашуви, бир ишни бошладими, уни албатта сифатли, бекаму кўст якунига етказиши табиий. Бундай аёллар жамиятимизда, жумладан партиямиз сафида ҳам бисёр. Шулардан бири халқ депутатлари Чиноз туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон ХДП Чиноз туман Кенгашининг “Аёллар қаноти” раҳбари, тадбиркор Каммуна Шерматовадир. У кишини меҳрибон она, фидойи раҳбар, меҳнаткаш депутат десак хато бўлмайди. Чунки Каммунанинг оиласи, фаолияти нафақат Чинозда, балки Тошкент вилоятида ҳам кўпчиликка намуна.
Партиядошимиз депутатлик фаолияти давомида юзлаб хотин-қизларнинг оғирини енгил қилишда ўзининг беминнат кўмагини бериб келмоқда. Каммуна устоз тадбиркор сифатида ҳам аёлларга тадбиркорлик сирларини ўргатиб, ўзининг шогирдларини кўпайтираяпти. Шу каби саъй-ҳаракатлари ортидан Каммуна халқ орасида ҳурмат қозонди, обрў-эътиборга эга бўлди, элга танилди.
Эътиборлиси, Каммуна кўпроқ ижтимоий кўмакка муҳтож, оилавий шароити қийин, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга эътибор қаратиб, уларга меҳр кўрсатиб, тадбиркорлик сир-асрорларини ўргатмоқда, уларни боқимандалик кайфияти, ҳамда оилаларини камбағалликдан чиқаришга сабабчи бўлмоқда. Жумладан, депутат ташаббуси, тавсияси ва ёрдами билан боқувчисини йўқотган, 4 нафар фарзандидан 1 нафари ногирон бўлган Чиноз тумани “Самарқанд” кўчасида яшовчи Дилноза Йўлдошева, оилавий шароити оғир бўлган Сайёра Ўктамова депутат томонидан ташкил этилган “Мумтозбегим” хотин-қизлар тадбиркорлик марказида сартарошлик йуналишида ўқиб, имтиёзли кредит олиб ҳар бири ўз маҳалласида “Гўзаллик салони”ни ташкил этишди, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 3-4 нафар аёлни ҳам иш билан таъминлашди.
Шунингдек, партиядошимиз оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган Дилфуза Жўраевага психологик маслаҳат ва кўмак кўрсатилиб, овқатланиш шаҳобчасини очишига, Мукаррам Махаматова, Гулноза Акмурадоваларга тикув машиналари олиб, тикув цехлари ташкил этишда ҳамда 15 га яқин аёлларни иш билан таъминлашга эришди. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
– Уч нафар ногирон фарзандим бор, қийналиб яшардик. Туманимиз аёлларининг кўмакчиси, “нажот фариштаси” Каммуна опанинг беминнат ёрдамлари туфайли, у кишининг “Мумтозбегим” ўқув марказида бепул ўқидим, тикувчилик ҳунарини ўргандим. Кейин депутат опамнинг ёрдами билан имтиёзли кредит олиб тикувчилик цехи ташкил этдим. Цех учун маҳаллада бўш турган бинони олишда ҳам у киши катта ёрдам берди. Бошидан охиригача опанинг ўзи мен билан, ҳатто мендан ҳам кўпроқ ҳаракат қилиб, югуриб, ҳужжатларни тайёрлаб шу даражага етказдикки, бугунги кунда 25 та иш ўрни яратиб, ўзимга ўхшаган аёлларни иш билан таъминладим. Ишчиларнинг 3 нафари ногиронлиги бўлган аёллар, 11 нафари “Аёллар дафтари”да рўйхатда турарди. Каммуна опа доимий равишда хабар олиб туради, мен ҳам маслаҳат керак бўлса, доим опа билан боғланаман, ҳеч қачон вақтим йўқ демайди. Битта менга эмас, маслаҳат сўраган барчага ўз ёрдамини аямайди. Шундай устозга шогирд бўлганимдан хурсандман, – дейди Чиноз туманидаги “Дўстлик” МФЙда яшовчи Рисолат Акромова.
Партиядошимиз Каммуна Шерматова тиниб-тинчимас, халқ дардини ўз дардидан устун қўя билган жонкуяр депутатларимиздан. Ҳар бир муҳтож аёлнинг қўлидан тутиб, то қаддини ростлаб, ўз ишини бемалол давом эттиргунига қадар, ҳаттоки ундан кейин ҳам уларни эътибордан четда қолдирмаётгани Каммунанинг чин маънодаги ютуғи ва мақтовга лойиқ жиҳатидир. Каммунага ўхшаган фаолларимиз партиямиз фахридир.
Гулшан Асатова,
ЎзХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.