Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида бажарилиши ва III чорагида ижро қилиш бўйича вазифалар юзасидан ҳисоботи муҳокамаси билан бошланди.
Коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида ҳукумат томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳисобот даврида мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик сақлаб қолинди. Шу билан бирга, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ўсиш кузатилди.
Эътиборлиси, ижтимоий соҳа харажатларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,6 фоизга ошган. Фракция аъзолари пандемия даврида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашда ҳукуматнинг бундай ёндашуви муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлашди.
Ҳисобот бўйича Ҳукумат вакилларига мурожаат қилган депутатлар айрим вазифа ва мақсадлар белгиланишида масаланинг ижтимоий жиҳатига қанчалик эътибор қаратилаётгани билан қизиқдилар. Жумладан, фракция аъзоси Улуғбек Вафаев Давлат дастурининг 67-бандида назарда тутилган масалаларга эътибор қаратди.
– Ушбу бандда табиий газни юридик шахсларга бозор тамойиллари асосида сотиш механизмини ишлаб чиқиш вазифалари қўйилган, – деди жумладан Улуғбек Вафаев. – Бундан кўзда тутилган мақсад табиий газ бозорида самарали рақобат муҳитини яратиш, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қувватларини оширишни рағбатлантириш экани маълум қилинган. Бироқ, ҳозирда газга бўлган эҳтиёж, таклифга нисбаттан тобора ошиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, юридик шахсларга газни бозор тамойиллари асосида сотиш механизмларини жорий қилиниши газ нархининг кескин равишда ошишига, бу ўз навбатида улар томонидан ишлаб чиқарилаётган ижтимоий муҳим бўлган товар ва хизматлар нархини ошиб кетишига олиб келади. Ушбу ҳолат, охир-оқибат аҳоли гарданига қўшимча юк бўлиб тушишига олиб келиши мумкин. Бундан, биринчи навбатда, партия электорати ҳисобланмиш кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар азият чекади. Шунинг учун, Хукумат ушбу вазифанинг ижросини таъминлашда, масаланинг ижтимоий томонларига ҳам эътибор қаратиши лозим.
Ҳисоботда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида амалга оширилган ишлар борасида келтирилган рақамлар ҳам депутатларда саволлар туғдирди. Мисол учун, ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 425 минг 662 нафар ёшларнинг бандлиги таъминлангани қайд этилган. Депутатлар эса сайлов округларидаги ўрганишлар давомида “Ёшлар дафтари” бўйича бандлиги таъминлангани ҳисоботларга киритилган айрим ёшларнинг амалда ишсиз юргани аниқланганини маълум қилдилар. Фракция аъзолари ёшлар бандлиги ҳақидаги ҳар бир рақам ва маълумотнинг ҳаққонийлигига эришиш долзарб вазифа эканини таъкидлашди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ёшлар бандлигини, жумладан, уларга ер ажратиб бериш орқали доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш масаласида айрим муаммолар борлигига мутасаддиларнинг эътибори қаратилди. Бу ҳақда депутат Мавжуда Ҳасанова фикр билдирди:
– Жойларга борганимизда ажратилган ер майдонларида маҳсулот етиштириб, уларни сотишни иложини қилолмай қийналиб юрган ёшлар борлигига гувоҳ бўлдик. Далани ўзига келиб таклиф этилаётган харид нархи эса ҳатто харажатларни қоплашга ҳам етмаскан. Аслида бу ташаббус ёшларимизнинг даромад олиши учун ташкил этилганди. Уларга етиштирган маҳсулотларини сотишда ҳам амалий кўмак керак бўляпти. Ҳукуматнинг масъул тузилмалари бу борада ёшларимизни қўллаб-қувватлаши зарур.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг фракция аъзолари Ҳукумат ҳисоботини маъқулладилар. Бунда коронавирус пандемиясининг оғир оқибатларига қармай Ўзбекистон иқтисодий ўсиш кузатилган дунёнинг кам сонли давлатлари қаторидан жой олгани, бу борада Ҳукумат томонидан кўрилган чора-тадбирлар ҳам муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.
Давлат дастурини ижросини таъминлаш жараёнларида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг барча даражадаги ташкилотлари ва депуталик бирлашмалари фаол иштирок этиши лозимлиги таъкидланди. Мазкур йўналишда тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди ва фракцияси аъзолари партиянинг мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, кун қонун лойиҳалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилиш якунида мамлакатимиз ҳаёти учун муҳим бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Фракция йиғилишида кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.