Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида ҳукумат ҳисоботи бўйича муҳокама жараёнида депутат Дилором Имомова аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш тизимида амалга оширилаётган амалий ишлар ҳақида сўради.
Жумладан, депутат Давлат дастурининг 201-бандида йил давомида аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш тизимини янада яхшилаш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида аҳолиси 15 мингдан кам бўлмаган, марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган қишлоқ аҳоли пунтларини ижтимоий буюртма ичимлик суви билан таъминлаш вазифаси белгиланган. Яъни умуман олганда олис ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича янги механизмни жорий қилиш режалаштирилган. Мисол учун, давлат раҳбарининг Қашқадарё вилоятига ташрифидан сўнг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 200 млрд маблағ Шаҳрисабз тумани учун ичимлик суви ва оқава сувларга маблағ ажратилиши керак эди. Лекин маблағ ажратилмаган. Бу каби ҳолатларнинг сабаби нимада?
Саволга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров жавоб берди:
– Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида аҳолиси 15 мингдан кам бўлмаган, марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган қишлоқ аҳоли пунтларини ижтимоий буюртма ичимлик суви билан таъминлашга республика бюджетидан 14 млрд маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бугунги кунда ярим йилликда шу вилоятлар бўйича пудратчиларнинг тендер танловларини ўтказиб бўлинди. Йил якунигача, айниқса қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш давлат-хусусий шерикчилик асосида йўлга қўйилиши ишлаб чиқилади.
Қашқадарё, Шаҳрисабз ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада алоҳида дастуримиз бор. Қадам-бақадам барча вазифалар белгиланган. Бир неча ичимлик суви иншоотини қуриш зарурлиги боис катта маблағ талаб этилади ва ҳозирда молиявий манбалари устида иш олиб бориляпти.
Вазир ўринбосарининг айтишича, ушбу вазифа билан “Сув таъминот” акциядорлик жамияти шуғулланмоқда ва йил якунигача аниқ режа белгиланади ва қўшимча равишда Олий Мажлисга бу ҳақда ёзма равишда ахборот киритилади.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати