Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида депутатлар жаҳонда давом этаётган пандемия шароитида республикамизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ишлар, ковид-19 билан касалланганларни реабилитация қилиш жараёнида олис ҳудудлардаги аҳолига ёрдам кўрсатиш масалалари қай аҳволда экани билан қизиқдилар.
Хусусан, депутат Қизилгул Қосимова давлат дастурининг 191-бандида белгиланган туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари негизида 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида савол билан Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятовга мурожаат қилди. Депутатга кўра, бу марказларнинг ишга тушганлиги билинмаяпти.
– Мамлакатимизнинг 13 та ҳудудида ихтисослашган шошилинч ва тиббий хизмат йўлга қўйилган. Албатта, бу етарли эмас. Шу боисдан, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари негизида 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини ташкил этиш дан асосий мақсад ҳар бир ҳудуднинг ўзида шошилинч ихтисослашган тиббий хизматни кўрсатиш, яъни автоҳалокатга учраган ёки инфаркт, инсульт касаллигига чалинган беморларга дастлабки бир соат ичида ёрдам кўрсатиш назарда тутилган, – деди вазир ўринбосари. – Ушбу масалада Ҳукумат қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, мазкур марказларни зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 41 ярим миллион АҚШ доллари ажратилиши белгиланди. Ҳозирга қадар 639 дона замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳарид қилинди. Улар қишлоқ ҳудудларида янги ташкил қилинаётган 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларига етказиб берилмоқда. Йил якунига қадар мамлакатимиз бўйича 35 та ҳудудий-минтақавий, яъни ҳар бир вилоятда 3 тадан, жами 35 та марказ тўлиқ ишга туширилади.
ХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати