Партия лойиҳаси туфайли “Аёллар дафтари”даги 83 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг “Аёлларга кўмак” лойиҳаси орқали юртимиздаги қийин шароитга тушиб қолган минглаб хотин-қизларга амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Уларнинг аксарияти тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш баробарида янги иш ўринлари ташкил этаётганликлари эътирофга сазовордир. Албатта, партиямиз депутатлари ва фаолларининг муносиб ҳиссаси бор.

Шундай депутатларимиздан бири халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати Аюбхон Ғайбуллаевдир. Партиядошимиз тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган Дилноза Абдулҳамидовага 14 дона тикув машинаси олиб беради. Дилноза эса хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш ва ишлаб чиқариш маркази ташкил этиб, унга лойиҳамиз номи, яъни “Аёлга кўмак” деб ном берди. Қувонарлиси, дастлаб 20 нафар хотин-қиз билан иш бошлаган ушбу марказда бугунги кунда 83 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож, “Аёллар дафтари”га рўйхатга киритилган хотин-қизлар иш билан таъминланди. Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи хотин-қизларга уч босқичда 10 га яқин касб-ҳунарлар ўргатилаяпти. Марказда тайёрланган маҳсулотлари эса сифати ва оммабоплиги билан танилиб, буюртмачи ва харидорлар ишончини қозонмоқда.

– Халқ демократик партиясидан депутат Аюбхон Ғайбуллаевнинг ёрдами билан марказимизни ташкил этдик. Ҳозирда марказни янада кенгайтириб, янги иш ўринлари ташкил этиш учун ҳаракат қилмоқдамиз. Марказга “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз, оилавий шароити қийин, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар жалб қилинмоқда. Бу ерда хотин-қизларимиз, тикиш-бичиш сирларини ўрганиш билан бир қаторда, уларнинг дунёқараши ўзгармоқда, оилага, ватанга, келажакка меҳр- муҳаббати, ишончи ортиб боряпти. Ўзаро тажриба алмашиб, оила бюджетини режалаштириш каби ҳар бир аёл билиши лозим бўлган маълумотларни ўрганишмоқда, – дейди “Аёлга кўмак” ишлаб чиқариш маркази раҳбари Дилноза Абдулҳамидова.

Тадбиркор “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган яна бир неча нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаб, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган яна бир қатор мақсадли лойиҳаларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бундай режалар мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Гулшан Асатова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш