Ҳар куни, ҳар гўшада сиз билан биргамиз

Бугунги кунда Халқ демократик партияси кириб бормаган гўша қолмади. Унинг овози санъаткорлар жўрлигида қалбларни ҳам забт этмоқда. Зангиота туманида ҳам анъанага кўра сайловолди тарғибот тадбири ўтказилди. 300 дан ортиқ зангиоталик фуқаролар, партия аъзолари, депутатлар ҳамда фахрийлар қатнашган тадбир ҳақиқий байрамга айланиб кетди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зоҳида Умарова, хонанда Ёрқинхўжа Умаров ҳамда 13-сон мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ўз куй-қўшиқлари билан тадбирга кўтаринкилик улашди. Турли саҳна кўринишлари, гўзал рақслар йиғилганларни ҳам даврага чорлади. Халқимиз тили билан айтганда шу куни “чигиллар ёзилди, ғуборлар кетди.

Жонли мулоқот асосида партиямиз сайловолди дастури ҳамда сайлов кодекси ҳақида тушунчалар берилди. Кимдир қизиқтирган саволга жавоб олса, яна ўзини ўйлантираётган масалада кимга мурожаат қилишни сўради. Партия ғояларига мос ҳар қандай масала қабулхоналарда депутатлар ҳамда партия масъуллари кўмагида ечим топиши мумкинлиги таъкидланди.

Олдидан ҳозирланган қизиқарли савол-жавоб шартлари, турли беллашувларда ёшлар фаол қатнашди. Омади борлар совғаларга, бошқалар эса қўшимча билимга эга бўлди.

Айтиш керакки, тадбирни ўтказишда туман хотин-қизлар қўмитаси, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари яқиндан ёрдам берди.

Иштирокчилар партиямиз ғояларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдиришди. Ана шундай илиқ сўзлар, “Ҳар доим Халқ демократик партияси билан биргамиз”, “Сайловларда якдил бўламиз”, деган фикрларни эшитгач чарчоқлар ҳам эсдан чиқди.



Моҳира АКРАМОВА,

Ўзбекистон ХДП Зангиота туман кенгаши раиси

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш