Жазирамада аёлларни “жазо”лаганлар жазога тортилиши шарт!

 

Йиллар давомида Ўзбекистон учун шармандали тамға бўлиб келган мажбурий меҳнат кечаги кунга айланди. Охирги вақтларда бу гапни кўп такрорладик шекилли, яна муаммолар чиқа бошлади.

Жойларда ҳалиям феодалча фикрлайдиган, қонунларни бир четга суриб қўйиб, раҳбариятга яхши кўриниш илинжида бу натижа ва эътирофларни йўққа чиқаришга сабаб бўладиган “ташаббус”ларни амалга ошираётган мутасаддилар ҳам йўқ эмас. Бунга яқинда Тошкент вилояти ҳудудидан ўтган А-373 автомобиль йўлининг атрофини тозалаш учун аёллар мажбурланганини мисол сифатида келтириш мумкин.

Ачинарлиси, “тозалаш тадбири”да иштирок этган аёллар юртимиз тарихидаги энг иссиқ об-ҳаво кузатилаётган шароитда жазирамада меҳнат қилишга мажбур бўлган. Ваҳоланки, тиббиёт ходимлари бундай кунларда кўчада юриш инсон ҳаёти учун ёмон оқибатларга олиб келишини, шу сабабдан зарурат бўлмаса, ташқарига чиқмасликни аҳолидан бот-бот сўрамоқда.

Халқ демократик партияси бундай ҳолатларни, айниқса, хотин-қизларга нисбатан содир этилаётган қонунбузарликларни кескин қоралайди. Партия А-373 автомобиль йўли бўйлаб хотин-қизларни мажбурий меҳнатга жалб этилиши ҳолатига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар баҳо беришини ва айбдорларга нисбатан чора кўрилишини талаб қилади.

Партиямиз депутатлари бу вазиятни ўз назоратига олади.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш