Кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида депутатлар томонидан дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йил биринчи ярим йилликда бажарилиши юзасидан ҳисоботи қизғин муҳокама қилинди.
Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг ҳисоботи эшитилди.
Муҳокама жараёнида депутатларнинг саволларига Ҳукумат аъзолари атрофлича жавоб бердилар, айрим саволларга қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди. Шунингдек, парламент қуйи палатасидаги бешта фракциянинг муносабатлари билдирилди, хусусан, айрим муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилди. Ҳукумат томонидан жорий йилда жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилгани эътироф этилиб, депутатлар томонидан ҳисобот маъқулланди.
Шу ўринда бир масалага тўхталмоқчиман. У ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳақида бўлиб, қайд этилганидек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами ҳисобот даврида 425 минг 662 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган. 96 минг нафар йигит-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти учун 2,3 триллион сўм кредитлар, 194 минг 947 нафар ёшларга 53 минг 740 гектар ер майдонлари ажратилиб, 18 минг 33 нафар ёшларга 27,9 миллиард сўмлик субсидия ажратилган. Бу рақамлар мазкур йўналишда амалга оширилган ишларнинг бир қисми, холос.
Мажлисда депутатларга ҳам масъулият белгиланиб, Давлат дастурининг ижросини таъминлашда парламент назоратига алоҳида эътибор қаратиш бўйича қарор қабул қилинди.
Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.