Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 5 августдан бошланиши маълум қилинди. Пандемия шароитидаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, тест синовлари 5 августдан (қоида тариқасида, кунига икки сменада: 1-смена 07:00дан, 2-смена 19:00дан) бошланиши ҳамда очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилиши белгиланган.
Коронавирус пандемияси кўплаб омилларга ноодатий қарашга, таълим, меҳнат муносабатларида ноанаъавий усуллардан кенгроқ фойдаланишга таъсир кўрсатди. Жумладан, ўтган йили мамлакат олий таълим тизими тарихида кириш тест синовлари очиқ стадионларда ўтказилди. Бунда ижтимоий масофа сақлаш, карантин ва санитария талабларига риоя этган ҳолда имтиҳон ўтказиш борасида муайян тажриба тўпланди.
Бутун дунёда кузатилаётганидек юртимизда ҳам пандемия хуружи давом этаётгани сабабли олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини ўтказишда ўтган йилги тажрибага мурожаат қилинганини тўғри қарор деб ҳисоблаш мумкин. Сабаби, дунёда инсон ҳаётидан, соғлигидан ортиқ неъмат ҳам, бойлик ҳам йўқ. Шу маънода, ёшларимизнинг хавфсизлиги, соғлигини ўйлаб тест синовларини очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилишини қўллаб-қувватлаш мумкин.
Бироқ, бу йил юртимизда ёз ҳаддан ортиқ иссиқ келгани, аномал ҳароратлар кузатилаётгани тест жараёни стадионларда ўтказилиши муносабати билан айримларда хавотир уйғотмоқда. Уларга кўра, ёшлар ҳаётидаги энг масъулиятли, ҳаяжонли дамларда омадларини ана шундай ноқулай шароитда синаб кўришлари билим ва истеъдодларини юзага чиқаришга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бу каби фикрларда ҳам жон бор. Бироқ коронавирусга чалиниш ҳолатлари ўсиб бораётган шу кунларда тест синовлари ёпиқ иншоот ва биноларда ўтказилса, оқибати янада ёмон бўлиши мумкин. Шу боисдан, вазиятни тўғри тушуниш, тест синовлари бўлиб ўтадиган кунларда ва жойларда карантин қоидаларига барча бирдек риоя этиши лозим. Бундан ташқари, талабаликка талабгорларга иссиқдан сақланишлари учун мумкин қадар қулайликлар яратилиши, бу масалаларга мутасаддилар алоҳида эътибор қартишлари керак.
Умид қиламизки, тест синовлари шаффоф ва очиқ, адолат мезонлари асосида ҳамда ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтказилади.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати