Мамлакатимизда вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, уларнинг вазифалари, ваколатлари ҳамда жавобгарлик соҳаларини аниқ белгилаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аммо раҳбарларга шунча имконият ва шароитлар, ваколатлар берилишига қарамасдан тизимда уларнинг зиммасига юклатилган функционал вазифаларнинг лозим даражада ҳамда масъулият билан бажариш борасида бир қатор камчиликлар мавжуд.
Шу маънода олганда, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарор муҳим аҳамият касб этади. Қарордан кўзланган асосий мақсад Янги Ўзбекистонни барпо этишда амалга оширилаётган шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотларни тезкор ҳал қилишда вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш вазифалари ҳамда ваколатларини аниқ белгилаш, шунингдек, уларнинг фаолияти самарадорлиги ҳамда мақсадли вазифаларга эришилишининг асосий мезонлари орқали баҳолашнинг янги тизимини жорий этишга қаратишдир.
Қарор билан вазирликлар давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларига Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан ҳамда ўзларининг биринчи раҳбарлари томонидан юклатилган вазифаларни бажаришда сусткашликка, сансанорликка йўл қўймаслик, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш тизимини жорий этиш каби масалалар белгилаб берилди.
Жумладан, давлат бошқаруви органлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади. Баҳолаш мезонлари ва кўрсаткичлари асосида ҳар бир раҳбар ўринбосарлари фаолиятига баҳо бериш орқали рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.
Қарорда раҳбарлар ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичлари ижроси устидан мониторингни амалга оширишда асосий эътиборни тизимли ва устувор масалаларга қаратиш лозимлиги белгиланиб, улар учта асосий қисмларга бўлиниб, уларда бир қатор вазифалар аниқ қилиб белгилаб берилмоқда. Хусусан, раҳбарлар ўринбосарларининг ижтимоий соҳадаги фаолиятига пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, қариялар ва кекса ёшдагиларга ҳар томонлима ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш орқали аҳолининг, айниқса, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтиомий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг реал даромадларини ошириш борасида амалга оширган ишларига қараб баҳо берилади.
Янгича баҳолаш тизимининг ташкил этилиши, унда раҳбарларнинг ўз ишини масъулият билан бажариш баробарида энг яхши ишлайдиган ходимларни рағбатлантириш ва қониқарсиз ишлаётганларини эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача бўлган меъёрларнинг белгиланиши, ўйлайманки, ҳар бир раҳбарни уйғоқликка ва сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди.
Мухтасар қилиб айтганда, мазкур қарор вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга ва Янги Ўзбекистонни барпо этишда янгича мезонлар асосида меҳнат қилишга хизмат қилади.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.