Депутат ва ҳаёт

 

Тобора яқинлашиб келаётган мустақиллигимизни 30 йиллик тўйи ҳар биримизни ватан ва халқ манфаатларида йўлида жонкуяр бўлишга, биз депутатларни сайловчилар орасида кўпроқ бўлишга, уларнинг дарду ташвишлари билан яшашга даъват этмоқда. Шу мақсадда яқинда мен Оққўрғон туманида бўлиб, у ерда олиб борилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдим ва айримларнинг уйларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олдим.

Биринчи манзилимиз “Ҳамид Олимжон” номли маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Бу ерга келганимизда маҳалла фуқаролар йиғини раиси “Тараққиёт” маҳалласи аҳли билан ҳамкорликда ободонлаштириш ишларини олиб боришаётган экан. Маҳалла “Обод қишлоқ” дастурига киритилган бўлиб, ҳозирги пайтда барча ички йўллари асфальтланган, симёғочлар янгиланиб, кўчаларга тунги чироқлар ўрнатилган. “Темир дафтар” га киритилган айрим оилаларнинг уй – жойлари таъмирдан чиқарилмоқда. Баъзилари уйларининг том қисмлари тўлиқ янгиланиб берилди. Энг муҳими, ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, сидқидилдан меҳнат қилишмоқда, ҳайрли ишларга бош қўшмоқда. Натижада кўчалари равон ва кечалари чароғон маҳаллалар пайдо бўлди, аҳоли тўлиқ сув билантаъминланди, табиий газ муаммоси қолмади.

Кейинги манзилимиз биринчи гуруҳ ногирони Зарина Ризмонова хонадони бўлди. Унга замонавий қурилган 2 хонали уй берилган экан. Яқин пайтларгача ўн ёшли қизи билан сарсон-саргардонликда яшаган. Уй билан таъминланганига қарамай, пенсияси коммунал тўловлар ва бошқа ҳаражатларга етмаслигини билдирди. Энди маҳалла ва ҳомийлар аёлнинг ҳолидан тез-тез хабар олиб турадиган бўлишди.

Кейинги манзилимиз “Ҳамид Олимжон” номли МФЙда яшовчи Дилноза М. хонадонига бўлди. Онахон менга хат орқали мурожаат қилганлиги ёдимга тушди. Депутатлик ваколатимдан фойдаланиб, унинг мурожаати бўйича туман ҳокимига хат юбордим. Дилноза М.нинг мурожаатини туман ҳокими билан бирга кўриб чиқдик. Унинг шароитини атрофлича ўрганган ҳолда туман ҳокимияти аёлга янги қурилаётган уйлардан бирини беришга қарор чиқарди.

Бундан ташқари маҳаллада 52 нафар ёшларга 30 сотихдан ер ажратиб берилди, 25та оилага тикув машинаси берилди ва айримларига бир хонали чевархоналар қуриб берилди. Ишсиз ёшлар ва қизлар махсус ўқув курсларида ҳунар ўрганмоқда. Натижада аҳолининг бандлиги таъминланмоқда.

 

Зуҳра Шодиева,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш