Бугун Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорларига биноан мамлакатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партиянинг ваколатли вакили рўйхатга олинди.
Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомходжаевнинг маълум қилишича, мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар ўз ваколатли вакилларини тайинлагани ҳақидаги маълумотларни Марказий сайлов комиссиясига ўз вақтида, Сайлов кодекси ва бошқа ҳуқуқий-норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда тақдим этди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан ваколатли вакил Вафоев Улуғбек Назаровичга гувоҳнома тақдим этилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 27 июль бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида Сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиши ҳамда сайлов ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига топшириш ва қабул қилиб олиш ваколатига эга бўлган партиянинг вакили этиб Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Вафаев Улуғбек Назаровични белгилаш бўйича қарор қабул қилинган эди.
Ваколатли вакил фаолияти сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партия ўртасида мулоқотни юритиш ва талаб этилган ҳужжатларни тақдим этишни ташкилий равишда тартибга солиш учун йўлга қўйилади. Ваколатли вакил сайловда иштирок этувчи сиёсий партиянинг манфаатини ифодалайди ва унинг сайлов жараёнидаги иштирокига оид масалаларни ҳал этиб боради.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати