Эътибордан ҳеч ким четда қолмайди

 

Маълумотларга кўра, юртимиздаги мавжуд 13 та болалар уйида 560 нафар, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 1,8 минг нафар, 86 та махсус интернатда 21 минг нафар болалар ҳамда ҳомийлик, васийлик, оила патронати асосида 79 минг нафар болалар тарбияланмоқда.

Бундай муассасаларда ота-она дийдорига, меҳрига муҳтож болаларнинг таълим-тарбия олишлари учун яратилган шароитлар етарлими, улар болалик оламининг қувонч-шодликларидан бенасиб қолмаяптиларми?

Рости, бу ҳақда доим ҳам ўйлаб кўрмаймиз. Давлат раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилганидек, мутасаддилар меҳрга муҳтож болаларнинг ҳолидан фақат байрам кунлари хўжакўрсин учун хабар олганлар. Уларнинг орзу-умидлари, яшаш, таълим-тарбия олишлари учун яратилган шароитлар билан қизиқиш, ғамхўрлик кўрсатишга тўлақонли ёндошилмаган. Оқибатда соҳада қатор муаммолар йиғилиб қолди. Йиғилишда таъкидланганидек, меҳрга муҳтож болажонларнинг таълим олишлари, спорт билан шуғулланишлари, муассасалар битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш, ишга жойлаштириш масалалари кўрилган чора-тадбирлар қониқарли эмас. Мисол учун, Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг атиги 1,6 минг нафари ёки 64 фоизи иш билан таъминланган бўлса, ўтган йили ихтисослашган мактабларни битирган 1,5 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган ёшларнинг атиги 264 нафари ишга жойлаштирилган.

Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билим ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш мақсадда янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Унга кўра, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчаларидаги ёшларнинг таълим-тарбиясига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъул бўлади. Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлигига ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасига олий ўқув юрти ҳамда спорт мактабларини бириктириш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, шароити оғир бўлган Меҳрибонлик уйлари Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимликлари томонидан оталиққа олинади.

Меҳрибонлик уйларидаги болаларга сабоқ бериш, уларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича янги методикалар ишлаб чиқилади. 14 ёшдан юқори ўғил-қизларни энг талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, Миллий гвардия, мактабгача таълим, халқ таълими, маҳалла ва сектор вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилади. Уларга васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болаларнинг аҳволи, оилавий шароитидан ҳар ҳафта хабар олиш юклатилади.

Соҳада кутилаётган муҳим ўзгаришлардан бири Вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиялари ўрнига Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ташкил этилиши, ҳудудий комиссияларга эса вилоят ҳокимлари раҳбарлик қилиши белгиланганидир.

Йиғилишда Президентимиз томонидан Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди. Хусусан, 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилади.

Давлатимиз раҳбари ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш ва даволаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилди. Бундай болаларни зарур тиббий восита ва аравачалар билан таъминлаш, жарроҳлик операциялари ўтказиш, имплантант ва протез ўрнатиш учун қўшимча маблағ ажратишга кўрсатма берилди.

Ўрни келганда таъкидлаш керак, Халқ демократик партияси ташаббуси билан жойларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаати йўлида ташкил этилаётган лойиҳалар доирасида ҳудудлардаги Меҳрибонлик уйлари фаолияти билан ҳам танишганмиз. Ўрганиш жараёнида мазкур муассасаларда камчилик ва муаммолар етарли даражада эканини аниқлаганмиз. Уларни ҳал этиш бўйича мутасаддилардан амалий чора-тадбирлар кўришни ҳам сўраганмиз. Бироқ турли сабаб (баҳона)ларга кўра уларнинг барчаси ҳам ҳал этилмаган. Шубҳа йўқки, давлат раҳбарининг эътибори, вазиятни тубдан яхшилаш борасида янги тизим ташкил этиш ташаббуси соҳада туб бурилиш ясайди. Бу чора-тадбирларнинг барчаси меҳрга муҳтож болаларнинг орзу-умидлари, интилишларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

 

Жаҳонгир Кабиржонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими

 

Теглар

Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш