“Боланинг бегонаси бўлмайди”

 

Болажон халқмиз. Одатда энг яхши нарсаларни фарзандларимизга илинамиз. Халқимизнинг бу эзгу фазилати давлатимиз раҳбари томонидан “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликда ҳам ўз аксини топмоқда. Бу ғамхўрлик ва эътибор самараси айниқса, кейинги беш йилда яққол кўзга ташланмоқда.

2017-2021 йилларда юртимиздаги барча “Мурувват” ва “Саховат” уйларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаб, замонавий шароитлар яратиш кўзда тутилган эди.

Шу муносабат билан 2020 йил бошида Жиззах шаҳридаги 29-сонли “Меҳрибонлик” уйи ҳамда жорий йил Зарбдор туманидаги Кар ва соқов болалар мактаб–интернати ҳамда Заиф эшитувчи болалар махсус мактаб – интернати замонавий тарзда тўлиқ қайта таъмирланди. Тарбияланувчилар учун зарур бўлган барча жиҳозлар келтирилиб, фойдаланишга топширилди. Бу борадаги амалий ишлар ҳамон давом эттирилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июль куни ўтказилган ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлашнинг бир неча тузилмалари йўлга қўйилган. Республикамиздаги 13 та Болалар уйида 560 нафар, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 1 минг 823 нафар, 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг нафар ўғил-қизлар тарбияланмоқда. Бундан ташқари, 79 минг нафар бола ҳомийлик, васийлик ва оила патронажи қарамоғига олинган.

Видеоселектор йиғилишида улар давлатимиз, халқимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни янада чуқурроқ ҳис қилишлари учун яна бир қатор ишларни амалга ошириш белгилаб берилди. Жумладан, “Меҳрибонлик” уйларидаги болаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилади, Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий гвардия, вилоят ҳокимлари билан бирга бир ҳафта муддатда ҳар йили ёз ва қиш мавсумларида “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ҳамда васийлик, ҳомийлик ва патронаждаги болалар учун Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон, Термиз каби қадимий шаҳарларга саёҳат дастурини тасдиқлаб, амалга оширади. Етим болалар учун хорижда ўтказиладиган мураккаб жарроҳлик амалиётлари бюджетдан тўлиқ компенсация қилинади. Ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш учун 1 августдан бошлаб бюджетдан қўшимча 100 миллиард сўм ажратилади. 2 минг нафар бола учун 4 мингта замонавий эшитиш воситалари харид қилинади. Шунингдек, кар-соқов ва эшитиши заиф 5 ёшгача бўлган 615 нафар болага махсус имплантлар қўйилади.

2 минг нафар туғма юрак нуқсони бор, 1 минг нафар бош мияда ўзгаришлари бор ҳамда 1,7 минг нафар ҳаракат аъзолари касалликлари бор болаларда бепул жарроҳлик операциялари ўтказилади, уларнинг минг нафари протезлаш ва бошқа зарур ускуналар билан таъминланади.

Шунингдек, жорий йилда ҳаракатланиши чекланган 1 минг 100 нафар болалар электр аравачалар билан таъминланади. Келгуси 5 йилда яна 12 минг нафар ногиронлиги бўлган болаларга ана шундай аравачалар етказиб берилади. 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилади. Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилади.

— Бу каби савобли ишлар рўйхатини яна анча давом эттиришимиз мумкин. Муҳими, ҳеч бир “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси, етим болалар эътибордан четда қолмайди — деди давлат раҳбари.

Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган бу вазифалар ижросини таъминлашда биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатларининг фаоллиги, жонбозлик кўрсатиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, партия дастури ва сайловолди платформасидан келиб чиқиб, айнан шу йўналишдаги ишларни янада кучайтиришимиз бугунги кундаги долзарб вазифаларимиз қаторига киради.

 

Ўрол ЎРАЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш