Давлатимиз раҳбари томонидан муҳим, долзарб масалада, ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлашнинг бир неча тузилмалари йўлга қўйилганлиги ва ушбу муассасаларда 23 мингдан ортиқ ўғил - қизларимиз тарбияланаётганлиги, 79 минг нафар болалар ҳомийлик, васийлик ва оила патронати қарамоғида эканлиги алоҳида қайд этилди.
Демак, масала жиддий. Фарзандларимизнинг ҳаётдан мамнун бўлиб ўсиши учун барча имкониятлар, шароитлар яратилиши шарт.
Видеоселектор йиғилишида ёшларнинг таълим-тарбия, уй ва иш билан таъминланиш даражаси таҳлил қилиниб,сўнгги ўн йилда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчиларининг 51 фоизига уй-жой ажратилгани айтилди. Меҳрибонлик уйларидан чиққан йигит- қизларимизнинг 64 фоизи иш билан таъминланганлиги, таълим тарбия сифати ҳам юқори эмаслиги атрофлича муҳокама этилди.
Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин тарбиялаш, билимли, маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш бугунги кун талаби. Шундай экан, республикамизда фаолият олиб бораётган 16 та Меҳрибонлик уйи ҳамда 4 та Болалар шаҳарчаларидаги ёшларнинг таълим–тарбиясига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъул этиб белгиланди. Бунинг учун қўмондон ўринбосари лавозими жорий этилиб, алоҳида бошқарма ташкил этилади. Бу вазифанинг айнан Миллий гвардияга топширилиши бежизга эмас, негаки, ҳарбий либосдаги йигитларни кўрган ҳар бир инсон, у катта бўладими ёш бўладими, албатта, унда шу касбга нисбатан қизиқиш пайдо бўлади.
Шунингдек, Меҳрибонлик уйида тарбиялаётган 14 ёшдан юқори ўғил- қизларни талаб юқори бўлган касбларга ўргатишнинг йўлга қўйилиши ҳам эртага ёшларнинг ўз йўлини топишга қаратилган муҳим чора-тадбирлардан бири, десак янглишмаган бўламиз. Болаларга замонавий фанлардан сабоқ бериш, уларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спорт билан шуғулланишларни ташкил этиш бўйича янги методикалар ишлаб чиқилади.
Мазкур йиғилишда вазирликларга ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Туризм ва спорт вазирлигига ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасига олий ўқув юрти ва спорт мактабларини бириктириш вазифаси қўйилди.Улар томонидан фан ва спорт тўгараклари ташкил этилади, бунга жалб этиладиган устозларга устама тўланиши белгилаб берилди.
Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вилоят ҳокимликларининг шароити оғир бўлган Меҳрибонлик уйларини оталиққа олиши ҳам ишнинг натижадорлигига эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг 17 фоизи чин етимлар, 83 фоизи эса ота-онаси ёки яқин қариндошлари воз кечган болалар ҳисобланишини Президентимиз куюнчаклик билан тилга олдилар. Оғир аҳволда яшаётган оилаларга моддий ёрдам бериш орқали аксарият болаларни ўз оиласи бағрига қайтариш кўнгли ярим фарзандлар сонининг камайишига олиб олиши бежиз айтилмади.
Ҳозирги пайтда Васийлик ва ҳомийлик органларида 79 минг бола рўйхатга олинган. Шундан 35 минг нафари фарзандликка олинган. Бироқ улар билан ишлайдиган ходим туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларида бир нафарни ташкил этиши ҳам тизимда болалар билан ишлаш сифатига таъсир этмоқда. Иш самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлигида Васийлик, ҳомийлик ва патронат ишлари бўлими ташкил этилиши, уларга 4 нафардан штат ажратилиши белгилаб берилди.
Энг қувонарлиси, васийлик ва ҳомийлик ҳамда патронатга олинган болаларнинг ҳар хафтада бир марта оилавий шароитидан хабар олиш учун ишчи гуруҳлари тузилиши белгилаб берилди. Ишчи гуруҳ Миллий гвардия, мактабгача таълим, халқ таълими, маҳалла ва сектор вакиллари орасидан тузилади. Бу тизим ниҳоятда адолатли бўлди, деб айта оламан. Зеро, давлат томонидан бериладиган ижтимоий ёрдам ва имтиёзларни олиш учун ҳам фарзанд олаётганлар жамиятда учраб туради. Иш тажрибамда мана шундай муаммоли вазиятларга жуда кўп маротаба дуч келганман.
Васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болалар 18 ёшга тўлгунга қадар улар учун маҳаллий бюджетдан 1 миллион 200 минг сўмдан, ногиронлиги бўлганларга эса республика бюджетидан 2 миллион 500 минг сўмдан тўланади. Ногиронлиги бўлган болаларни ўз қарамоғига олган оилаларга уларнинг парвариши даврини меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилиши ҳам бола парваришида, ҳам оила ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ишига хизмат қилади.
Ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар, берилган топшириқлар айнан бизнинг электоратимиз манфаатларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Айниқса, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланиши; “Темир дафтар”га кирган оила фарзандлари, шунингдек, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган болаларга мактабга чиқиши учун 500 минг сўмдан ажратилиши; васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинганлар ҳам олий ўқув юртларига киришда Меҳрибонлик уйлари битирувчилари учун ажратилган қўшимча квотадан фойдаланиши; 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уй-жой бепул ажратилиши, жорий йилда бюджетдан 120 миллиард сўм йўналтирилиши; етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган иқтидорли талабалар стипендияси 50 фоизга оширилиши, шунингдек, бундай талабаларга пенсия тўлаш муддати амалдаги 18 ёшдан 23 ёшгача узайтирилиши, уларга зарур адабиётлар сотиб олиши учун ҳар йили бир марта 1 миллион 200 минг сўм субсидия берилиши; ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш ва даволаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши, зарур тиббий восита ва аравачалар билан таъминлаш, жарроҳлик операциялари ўтказиш, имплантант ва протез ўрнатиш учун қўшимча маблағ ажратилиши, ўйлайманки, давлатимиз раҳбарининг халқимизга чинакам оталарча ғамхўрлигининг амалий ифодасидир.
Сайловчиларимиз томонидан протез масаласида кўпинча мурожаатлар келиб тушади. Шундай пайтда аризани қайси ташкилотга юборишга қийналардик. Ўйлайманки, давлат томонидан ажратиладиган кўмак энг аввало, мана шундай меҳрга муҳтож инсонлар кўнглини тоғдек кўтаради.
Президентимиз чиқишидаги ҳар бир сўз, ҳар ибора юртдошларимизни эзгу амалларга чорлайди. Қалби ўксик фарзандларимиз ва ногиронлиги бор инсонлар қалбида менинг шундай Юртбошим бор, дея фахр ва ифтихор туйғуси ошади, эртанги кунга ишончи кучаяди. Ортида давлат борлигини ва ташлаб қўймаслигини ҳис қилади. Жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланади.
Мавжуда Ҳасанова,
Ўзбекистон Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутати