Куч ишлатар тизимда ишлаш фақат куч ишлатиш кераклигини англатмайди

 

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Оқтом маҳалласида яшаган Ҳасан Хушматовни ички ишлар ходимлари мажбурлаб идорага олиб кетиб, ваҳшийларча қийнаб ўлдиргани ҳақида мурожаат тарқалди. Видеомурожаатда айтилишича, эркакнинг жароҳатланмаган жойи қолмаган ва аёвсиз калтакланишидан аҳволи жуда аянчли ҳолга тушган.

Афсуски, ИИБ ходимларининг фуқароларни қийноққа солиши ортидан уларнинг вафот этиши билан боғлиқ ҳолат ягона эмас. Бундай фожиали воқеалар Андижонда, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида ҳам кузатилган ва тасдиғини топган. Демак, тизим тасодифий ишга қабул қилинган куч ишлатар ходимлардан холи эмас..

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатганлик учун жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Тўғри, фуқароларимиз қонунга ёки ҳокимият вакилига итоат этмаганлиги учун жазога тортилишига қарши эмасмиз. Лекин, жарима миқдорларини оширишдан аввал тизимдаги ноҳалол айрим ходимларни бугунги кунда шиддат билан одимлаётган Янги Ўзбекистонда фуқаролар билан ишлашнинг янгича тизимини яратиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигига таҳдид қилмаган ҳолда, уларни қонунларга итоат этиш зарурлигини тушунтириши, улар ҳам инсонни қадрлаши, бошқаларга ҳурмат билан мурожаат қилишни ўрганишлари зарур.

Шу ўринда эслатиб ўтишни жоиз деб билдим, қонунчиликка кўра, агар ички ишлар ходими зиммасига юклатилган мажбуриятларни куч ишлатмасдан туриб бажаришнинг иложи бўлмаса, курашнинг жанг усулларини қўллаши мумкин. Шу билан бирга, ходим гумонланувчини жисмоний куч ишлатиш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган ҳолда огоҳлантириши керак. Ички ишлар органи ходими ҳар қандай зарарни минималлаштиришга ҳаракат қилиши шарт.

Агар ИИБ ходимларининг айримлари(!) ҳам ҳеч бўлмаганда мана шу тартиб-тамойилларга амал қилиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари энг олий қадрият эканлиги ҳақида озгина бўлса ҳам хабардор бўлишганида юқоридаги ҳолатлар рўй бермаган бўлар ва фарзандлар отасиз қолмаган бўлар эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари шундай ҳолатларни авж олмаслигини олдини олиш ва бугунги пандемия шароитида фуқароларимизнинг маблағлари жарималарга эмас, аксинча, фарзандларининг еб-ичиши ва таълим, тарбиясига сарфланиши зарур деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам фракция аъзолари юқорида номи келтирилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватламади.

Ўйлайманки, Ички ишлар вазирлиги Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан тушунтириш беради.

 

Дилбархон Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш