Бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларда олий ўқув юртлари битирувчиларига диплом берилмаётгани ва уни олишдаги қийинчиликлар қизғин муҳокама этилмоқда. Бунга ишга кирганлик ҳақида маълумотнома ва меҳнат дафтарчасидан нусха талаб этилаётгани сабаб бўлмоқда экан. Бу талаб барчага – давлат гранти, шартнома асосида таълим олганларга ҳам, магистратурага ўқишга кирганларга ҳам тегишли экани маълум қилинган.
Битирувчиларга бу тартибда диплом бериш қандай асосларга кўра жорий этилган ва у қанчалик қонуний?
Афсуски, ушбу жараёнга ва бу каби саволларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сукут сақлашдан бошқа жавоб бергани йўқ. Битирувчиларнинг дипломини босиб турган 32 та университет ва институтлар маъмурияти ҳам оғзига талқон солиб олган. Шамол бўлмаса дарахтнинг шохи қимирламайди. Демак, баён этилган ноқонуний ҳолатлар содир этиляпти ва мутасаддилар ўз ҳаракатларини нима деб изоҳлашни билмаганликларидан кўзларини юмиб, қулоқларини беркитиб олганлар.
Ростини айтиш керак, илгари айрим олий ўқув юртларда шундай тартиб бор эди. Давлат гранти асосида таълим олганларга йўлланма билан юборилган жойда белгиланган муддатгача ишлаб берилмаса диплом берилмас, тўлов-шартнома асосида ўқиганлар эса ишга кирганлиги хусусида маълумотнома олиб келтириши ва бу билан давлат бандлик режаси бажарилишига ўз “ҳиссаси”ни қўшиши шарт эди. Ушбу масалага муносабат билдиргана айрим юртдошларимиз олийгоҳлардаги бюрократия туфайли дипломларини битирганларидан сўнг ўн йил ўтиб олганликларини билдирган!
Мамлакатимизда барча соҳаларда туб ўзгаришлар кузатиляпти. Бундан таълим тизими ҳам мустасно эмас. Афсуски, олий таълим соҳасида бутун жамият ўзгараётган пайтда ярқ этган бир ўзгаришни сезмадик. Аксинча, битирувчиларга диплом берилишида эски даврга хос услубни сақлаб қолмоқда. Бундай ҳолатларни ҳозирги кунда асло қабул қилиб бўлмайди.
Халқ демократик партияси олий таълим тизимида бундай қонунга зид тартиб-тамойиллар давом этаётганидан таассуф билдиради ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги битирувчиларга диплом берилиши билан боғлиқ содир этилаётган салбий ҳолатларни бартараф этишига умид қилади.
ЎзХДП Ахборот хизмати