Сайёр қабул: аҳоли муаммолари ўрганилди

Ўзбекистон ХДП томонидан Сирдарё вилояти Сардоба тумани “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида “Аҳоли муаммолари: ечим ва самара” мавзусида сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда вилоят, туман партия кенгаши аъзолари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида сўзга чиққанлар шуни алоҳида таъкидлашдики, одамлар мутасадди ташкилотлар эшигини тақиллатмаса, бу ҳудудларда муаммо йўқ дегани эмас. Айрим фуқаролар ўзини муаммо қийнаб келаётган бўлса-да, керакли ташкилотларга мурожаат қилишдан истиҳола қилади. Демак, мутасадди идоралар вакиллари ўзлари одамлар ичига кириб бориши, улар билан юзма-юз суҳбатлашиши, муаммоларини ўрганиши талаб этилади. Партиямиз ташаббуси билан ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан жойларда ўтказилаётган сайё қабуллар ана шу мақсадда ташкил этиляпти.

Қабул давомида Сардоба туман партия кенгаши раиси А.Эргашевга кўплаб фуқаролар мурожаат қилди. Масалан, "Юртдош" МФЙ, Ораста кўчасида яшовчи фуқаро II-гуруҳ ногирони Анвар Ғапиев ўзи истиқомат қиладиган кўчадаги 200 метр масофадаги йўлни таъмирлаш ва шағал ётқизиш, 6 дона электр симёғоч ўрнатиш, электр манбаига улаш ҳамда томорқалар учун оқар сув муаммоси борлиги тўғрисида мурожат қилди.

"Ровот" МФЙ Чинор кўчаси 5/2 уйда яшовчи фуқаро Шахноза Зукурова ўз ҳудудидаги қишлоқ врачлик пунктига ҳамшира сифатида ишга қабул қилишларига ёрдам сўраб келди. "Ровот" МФЙнинг Тинчлик кўчаси 24/1 уйда яшовчи фуқаро Дилафруз Очилова ҳам ҳамшира бўлиб ишлаш истагини билдирди.

"Зомин" МФЙ Бирлик кўчаси 14/2 уйда яшовчи фуқаро Мамарасул Шодмонқулов уй жой қуриш учун ер участкаси ажратиш масаласини кўтарди.  

"Ровот" МФЙ Бирлик кўчаси 18/1 уйда яшовчи фуқаро Шахноза Қўшанова уйининг кадастр ҳужжати олиш бўйича муаммосини билдирди.

Сайёр қабул давомида шу каби кўплаб мурожаатлар бўлди. Уларнинг муаммоларини ечиш учун шу ернинг ўзида мурожаат йўналиши асосида масъул ташкилотларга учрашишди. Барча муаммолар юзасидан масъул ташкилотлар томонидан ечими бўйича муддатлар белгиланди ва туман партия кенгаши томонидан назоратга олинди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бундай тадбирлар партиямиз ташаббуси билан барча ҳудудларда бўлиб ўтмоқда.

 

Шароф БОШМАНОВ,

ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши бўлим бошлиғи.

← Рўйхатга қайтиш