Бир маҳалладан 12 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди

 

Ҳар бир ҳудудда “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, унга ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг киритилаётгани улар билан манзилли ишлаш, муаммоларини ҳал этиш имконини бермоқда. Бунинг ортидан хотин-қизларимиз қайта касбга ўқитилмоқда, бандлиги таъминланиб доимий даромад манбаига эга бўлмоқда, кўпчилиги эса тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда.

Ушбу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасини Наманган шаҳридаги “Қадамжо” маҳалла фуқаролар йиғини мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур ҳудудда яшовчи 52 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган. Уларнинг дарду ташвишлари, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда маҳаллий кенгаш депутатлари билан бир қаторда маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда ХДП фаолларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этаётир.

Жумладан, “Қадамжо” МФЙ раиси, партия фаоли Соҳиб Нажмиддинов ташаббуси билан хусусий тадбиркор Юсуф Ҳайдаров ҳамкорлигида маҳалла ҳудудида бир неча йиллар давомида қаровсиз бўлиб ётган бўш бино қайта таъмирланиб, буюртма асосида тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган тикувчилик цехи ташкил этилди. Ҳозирда корхонада “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган хотин-қизлар меҳнат қилмоқда.

– “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтари асносида ташкил этилаётган амалий фаолиятдан бугун мен қатори маҳалламиздаги 11 нафар хотин-қизлар жудаям хурсанд, – дейди мазкур тизим орқали бандлиги таъминланган Гулнора Ғофурова. – Энг муҳими, қилаётган ишим мен қатори барча дугоналаримга ҳам маъқул, кўнглимиз тўлиб ишлаяпмиз. Бу тизим мен қатори боқувчиси йўқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишига кенг имкониятлар яратади.

Унинг маҳалладоши, ногиронлиги бўлган икки нафар фарзанднинг онаси Гулчеҳра Сиддиқова ҳам “Аёллар дафтари” киритилган эди. Унга ҳам имтиёзли кредит асосида тикув машинаси олишида амалий ёрдам кўрсатилди. Ҳозирда у тикувчилик билан шуғулланиб, оила бюджетига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Партиядошларимиз ташаббуси билан “Қадамжо” маҳалла фуқаролар йиғинида келгусида ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатлари йўлида бир қатор мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

 

Дилноза ЎРИНБОЕВА,

ЎзХДП Наманган шаҳар кенгаши раиси.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш