Чим олиб кетилган, аммо сифатлисига алмаштирилди

 

27 июль куни Rost 24 сайтида чоп этилган “Зангиота туман ҳокимлиги ва Миллий гвардия болаларни алдади” номли мақола кўпчиликнинг эътиборига тушди. Унда “Ибрат” маҳалласи аҳолиси учун кичиккина болалар майдончаси қуриб битказилгани, майдончани очилиш маросимида Зангиота тумани ҳокимлиги ва Миллий гвардия вакиллари иштирок этгани, маросим “Ўзбекистон24” каналида ёритилгани қайд этилади. Мурғак болалар қувончларини яширмай, майдонча учун туман ҳокимлигига миннатдорчиликлар билдирди. Аммо, сайтда айтилишича, телеканал ходимлари кетиши билан болалар майдончасига ётқизилган яшил сунъий қопламалар йиғиштириб кетилган. Кечагина ҳокимликка раҳмат айтаётган болалар энди шағал устидаги майдончада қолишди.

Ўзбекистон24” канали тарқатган хабарга кўра, кичкинагина майдончани қуришда Миллий гвардия, Зангиота туман ҳокимлиги ва “Enter engineering” компанияси масъул бўлган.

Биз ёзмоқчи эдик. Ўзимизни алдашни бас қилайлик деб. Ўзимиз ўтирган шохни арралашни тўхтатайлик. Эндигина ҳаётга қадам қўяётган болаларимизнинг кўзи сохталикка, қўзбўямачиликка порахўрликка, адолатсизликка тушмасин. Бундай ҳолда ўқишдан, ишдан, жамиятдан, давлатдан, борингки, ҳаётдан кўнгли совиб, халқимиз ибораси билан айтганда, қўлини ювиб, қўлтиғига уради.

Rost 24 сайтида чоп этилган “Зангиота туман ҳокимлиги ва Миллий гвардия болаларни алдади” номли мақола эълон қилинганидан кейин Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент вилояти, Зангиота тумани Кенгаши томонидан аҳвол ўрганилди. Ҳақиқатда чим йиғиштириб кетилган экан. Аммо ишга масъул Миллий гвардия мутасаддиларининг айтишича, қопламада нуқсонлар бўлгани сабабли олиб кетилган ва айни вақтда янги, яшил чимнинг сифатлиси ўрнатилган. Келажакда бундай ташвишли ҳолатлар такрорланмаслиги учун Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент вилояти Зангиота туман Кенгаши мазкур ҳолатни ўз назоратига олди.

 

ЎзХДП Тошкент вилояти Кенгаши

 
← Рўйхатга қайтиш