Ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланишимиз лозим

 

Бугунги кунда юртимизда маҳаллабай, фуқаробай ишлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами муаммоларини уйма-уй юриб ўрганиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида бутун дунё ҳамжамияти ижобий баҳо бераётган, халқаро экспертлар эътироф этаётган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жорий этилган. Ушбу дафтарга киритилганлар муаммолари тизимли равишда ҳал этиб келинмоқда.

Бу борада қабул қилинган бир қатор меъёрий ҳужжатлар қаторига яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон ҳам қўшилди.

Унга кўра, 2021 йил август ойида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Бундай оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида хонадонларида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади. Ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилади.

Кўриб турганимиздек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” киритилган фуқаролар, оилалар фарзандлари учун имтиёзлар кўлами кенгайиб бормоқда. Бу яхши ҳол албатта, тан олиш керак, кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида кўплаб фуқароларнинг муаммолари ҳал этилиб, улар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”дан чиқарилмоқда, тадбиркорлик кенгаймоқда, камбағаллик қисқармоқда. Кўплаб фуқаролар уй-жойли, касб-ҳунарли ишли, бўлмоқда.

Лекин танганинг иккинчи томони ҳам борки, бунга биз жойларда ўтказилаётган лойиҳа, тадбирлар ва ўрганишлар давомида ҳам дуч келмоқдамиз. Биринчидан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” янги тизим, янги тартиб бўлганлиги учун айрим ҳолларда жойларда белгиланган тоифаларга тўғри келмайдиган, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлмаган фуқарорлар ҳам ушбу дафтарларга рўйхатга киритилган ва ўз навбатида яшаш шароити оғир, ногиронлиги бўлган, камбағал оилалардаги аёллар, ёшлар ушбу дафтарга киритилмаган ёки эътибордан четда қолиб кетган.

Иккинчидан, ушбу дафтарга белгиланган тоифадаги фуқароларни киритиш бўйича депутатларнинг бевосита иштироки назарда тутилганига қарамай, айрим депутатлар ушбу масалага юзаки қараб, эътиборсизлик қилган.

Учинчидан, чекка ҳудудларда ушбу рўйхатларни шакллантиришда таниш-билишчиликка ҳам йўл қўйилган ҳолатлар ва тўртинчидан, фуқароларнинг ҳали ҳам ёрдамга муҳтож, шароити оғирлигига қарамай, кўрсатилган арзимаган ёрдамларни баҳона қилиб, уларни дафтардан чиқариб юбориш ҳолатлари кузатилмоқда.

Юқоридаги ҳолат ва камчиликларни олдини олиш мақсадида бутун жамоатчилик, жумладан халқ вакиллари –депутатлар “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритиладиганлар рўйхати ҳар ярим йилда янгиланишини инобатга олган ҳолда, айни вақтдаги бу жараёнга бефарқ бўлмасдан фаол иштирок этишлари, рўйхатга фақат ҳужжатларда белгилаб берилган тоифадаги фуқаролар киритилишини ва кўрсатиладиган ёрдамлар вақтида, ўз эгасига етиб боришини, муаммолар ўз вақтида ҳал этилишини, энг асосийси, дафтарлардан чиқариш ҳолатлари қарорда белгиланган тартибда амалга оширилишини қатъий назоратга олишлари муҳим ҳисобланади. Бу борада нафақат депутат, балки жамоатчилик назорати ҳам муҳим саналади.

Зеро, учинчи Уйғониш даврида ҳар бир воқеа-ҳодисага барчамиз ўзимизни дахлдор ҳис қилишимиз, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланмоғимиз кўзланаётган маррага тезроқ етишимиз учун асос бўлади.

Гулшан Асатова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш