Чигаллик юзага келишида ким айбдор?

 

2021 йил 29 июль куни “Human.uz” ахборот сайтида Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи тадбиркор Насибахон Саидованинг "Қўқонда фақат пулдорларнинг гапи ўтадиган бўлиб қолди" сарлавҳали мурожаати акс эттирилган видео тарқалди.

Видеода тадбиркор қонуний ҳуқуқлари бузилаётганлиги, йиллар давомида мурожаат қилмаган идораси қолмагани, компенсация пуллари кам миқдорда ажратилгани ҳамда бўлиб-бўлиб тўланганини айтиб, тадбиркорлик фаолиятини давом эттириши учун мулкий ҳуқуқларини тиклашда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ушбу мурожаатни тўлиқ ўрганиш, масалага янада ойдинлик киритиш ҳамда адолатни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши масъуллари томонидан Ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳи дастлабки ўрганиш хулосаларига биноан “Деҳқонлар савдо уйи” жамоа фирмасининг собиқ раҳбари Саидова Насибахон Хайдаровнанинг қилган мурожаати юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

2008 йилда “Деҳқон бозори” ОАЖнинг реконструкция қилиниши муносабати билан “Деҳқонлар савдо уйи” жамоа фирмасининг фойдаланишида бўлган 2258.11 м2 ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган. Қўқон шаҳар ҳокимининг 2013 йил 22 майда қабул қилинган 220-сонли қарорига кўра, “Деҳқонлар савдо уйи” жамоа фирмаси раҳбари Саидова Насиба Хайдаровнага Қўқон шаҳри, Мовароуннаҳр кўчаси ҳудудидан икки қаватли аёллар гўзаллик салони қуриш учун 1440,0 м2 ер майдони, 2021 йил 5-майда қабул қилинган 224-сонли қарорига кўра Бахмалбоб кўчаси ҳудудидан кўп қаватли турар-жой биноси қуриш учун 800,0 м2 ер майдони, жами 2240,0 м2 ер майдони ажратиб берилиб давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган ер майдони қопланган.

Ҳақиқатда, бино-иншоотлар билан банд бўлган ер участкасининг давлат ва жамоат эхтиёжи учун олинишида етказилган зарар –184 238 000 (бир юз саксон тўрт миллион икки юз ўттиз саккиз минг) сўм компенсация тўлови тўлаб берилган.

Саидова Насиба Хайдаровна Қўқон шаҳри, Мовароуннаҳр кўчаси ҳудудида икки қаватли аёллар гўзаллик салони қурилиши учун ажратилган ер майдонида “Деҳқонлар савдо уйи” собиқ ишчиларини иш билан таъминлаши назарда тутилган. Лекин фуқаронинг ўзи ижтимоий тармоқларда билдирган маълумотларга кўра, бу иш амалга ошмаган, чунки фуқаро қуриб битказилган бинони бошқа тадбиркорга сотиб юборган.

“Деҳқонлар савдо уйи” жамоа фирмасининг давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган ер майдони тўлиқ қоплангани туфайли Саидова Насибахон Хайдаровнанинг ер майдони ажратиш борасидаги қилган барча мурожаатлари Қўқон шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати, Кадастр агентлигининг Қўқон шаҳар бўлимининг расмий жавоблари асосида асоссиз деб топилган.

ЎзХДП Фарғона вилоят Кенгаши масалани чуқур ўрганиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги 911-сонли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тегишли тартибда ёрдам чоралари кўрилишини, депутатлик сўровлари институтидан оқилона фойдаланган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тегишли хулосалари олинишини маълум қилади.

Бу чигал вазиятда мурожаатчи ҳақми ёки ҳокимлик вакиллари ноҳақ эътирозларга учраяптими аниқлик киритилади.

 

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши

 
← Рўйхатга қайтиш