Давлатимиз раҳбари томонидан 30 июль куни имзоланган “Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор олий ўқув юртларида таҳсил олиш истагидаги ёшларнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар тақдим этди.
Жумладан, қарорга кўра 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча ОТМлар бакалавриатининг кундузги таълим шаклида ва магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилди.
Бунда талаба тижорат банкларидан таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий (14%) ставкасида олади. Шунингдек талаба таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилиши, талаба учун ўқишни тугатиб, ўзи ишлаб кредитни қайтариш имкониятини яратди. Талаба таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилилиши унда ишонч ва ўқишни намунали тамомлашда рағбат бўлди.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмаслиги, даромад манбаига эга бўлмаган фуқароларимизга, яъни Халқ демократик партиясининг элеторат вакиллари бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни фарзандларини ўқитишда катта рағбат бўлди, десак янглишмаймиз.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши талабаларга ва уларнинг ота-оналари учун қувончли хабар бўлди. Чунки ҳар бир ота-она йиллар давомида фарзандини ўқитади, олийгоҳга киришига астойдил тайёрлатади, фарзанди тўлов-контрактга ўқишга кириб қолгудек бўлса, уни ўқитиш учун имконияти йўқлигидан қаттиқ сиқилар эди. Оғир бўлса ҳам оиласини боқиб турган мол-ҳолини сотиб фарзанди олий маълумотга эга бўлиши учун контракт пулини тўлашга мажбур бўлар эди.
Яна бир муаммо шунда эдики, олий таълимнинг бакалавр босқичини тўлов-контракт асосида томомлаган талаба, магистратурада ўқишни давом эттириш истаги кучли бўлса ҳам йиллар давомида ота-онасини қийналиб тўлов-контрактни тўлаганини кўриб тургани учун таҳсил олишни истамас эди. Бу қарор бевосита бакалаврни тугатган ва келажакда ўз соҳасини етук мутахассиси бўлиш истагидаги талабалар учун магистратурага ҳужжат топширишда кенг имкониятлар эшигини очгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда ёшларнинг олий таълим ташкилотларида таълим олишларини таъминлаш борасида зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Айниқса, юқорида номи таъкидланган қарор билан йиллар давомида олий таълим соҳасида жиддий муаммо бўлиб келган тўлов-контракт соҳасида енгиллик ва қулайликлар жорий этилгани барчани бирдек хурсанд қилди. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш, танлаган соҳаларининг етук матахассислари бўлиб, халқимиз, давлатимиз равнақиги хизмат қилиш ёшларимиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши лозим.
Фахриддин Элмуродов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.