Онани калтаклаганни косаси оқармайди

 

Шу йилнинг 1 августида «uznews.uz» янгиликлар сайти ва бошқа сайт ҳамда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари биноси яқинида I-гуруҳ ногирони бўлган кекса аёлнинг калтаклангани ҳақида мақола ва видеоролик пайдо бўлди. Мазкур ҳодиса билан боғлиқ роликда ўрта ёшли аёлнинг ногиронлик аравасидаги онасини ҳақорат қилаётгани ва калтаклангани акс этган. Қайд этиш керакки, “Шайхали” МФЙда яшовчи Озода Ҳимматова вилоят ҳокимияти раҳбариятидан уй қурилишига пул сўраш мақсадида онасини Қарши шаҳрига олиб келган.

Аслида вазият қандай? Биз Қарши шаҳар ҳокимли мутасаддиларидан вазиятни ўргандик. 2020-2021 йилларда Қарши шаҳар ҳокимлиги ва ҳомийлар тарафидан ушбу оилага 56 млн 500 минг сўмлик моддий ёрдам, уй-жой қуриш учун 2 сотох ер, мунтазам озиқ-овқат ва яқинда фуқаро қизининг тўйи учун ҳокимлик озиқ-овқат маҳсулотлари берганлиги, қария онахонга эса ногиронлар аравачаси ва гигиена маҳсулотлари етказиб берилаётганлигини аниқладик. Вилоят ҳокими ишчи гуруҳ тузиб батафсил вазиятни ўрганишни, қария онахонни давлат ўз васийлигига олиб яхши парвариш қилиши борасида онахоннинг қизига таклиф билан чиқди.

Кун видеоси сифатида тарқалган бу тасвир фойдаланувчилар томонидан кўп маротаба томоша қилиниб, қолдирилган изоҳларда онасига қўл кўтарган қизга барча салбий фикрлар билдирди.

Ўзбек аёли шаънига доғ туширадиган, ўз манфаати йўлида шундай қабиҳ ишга қўл ўрадиган, ёз иссиғида ногирон онасини азобга қўйиб, моддий манфаат илинжида қўл кўтаришгача борган аёлни жамият, қолаверса ижтимоий ҳимояни, ижтимоий адолатни оқловчи партия аъзоларимиз ҳам қоралайди.

Ижроия ҳокимият, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан мунтазам равишда рағбатлантирилиб, моддий-маънавий томонидан қўллаб-қувватланган аёлнинг нафс балоси йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаслиги, маънавий қашшоқлиги, тарбиясизлигини кўчада намоён этиши ҳамманинг нафратини келтирди, албатта.

Мамлакатимизда хотин-қизларимизга барча имкониятлар яратилган бўлиб, бепул ўқув курслари, тадбиркорлик соҳалари, ҳунармандлик йўналишлари бўладими ҳаммага тенг имкониятлар берилган бўлиб, излаган, иқтидори ва хоҳиши бўлган аёлларимиз давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Шундай имкониятлар ичида яшаётган хотин-қизларимиз фақат шукроналик келтиришлари лозимдир.

“Текин еган-кўзга тикан” деганларидек, соғлом аёлларнинг жамият юриш-туриш қоидаларига амал қилмаслиги, боқимандалиги, кўнгли кемтик яқин инсонларига зарар бериб, қилган ишини ўз бўйнига олмай масъулиятсиз қилиши ортидан жуда кўплаб маиший муаммолар келиб чиқмоқда. Биз хотин-қизлар ва ёшлар тарбиясида депутат хотин-қизларимиз билан биргаликда тарғибот-ташвиқот ишларимизни янада самарали ташкил этиб, келгусида бундай ҳолатларнинг олди олинишида ўз ҳиссамизни қўшамиз, албатта.

 

Шаҳло Худойқулова,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши

Ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири.

 
← Рўйхатга қайтиш