Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таьминлаш бўйича самарали қонунчилик тизими йўлга қўйилган. Бугун хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қонунчилигимизда бир қатор янгилик ва қулайликлар жорий этилмоқда.
Маълумки, илгари давлат томонидан меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кундалик эҳтиёжлари ва орзу-умидлари тўғрисида ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, мамлакат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ишончли ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатлари бўлмаган. Эндиликда мамлакатимиз ташқарисида ишлаётган ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб иш шароитларини таьминлашга қаратилган тизим яратилмоқда. Сўнгги 3 йил давомида ташкиллаштирилган, уюшган ва хавфсиз миграцияни таьминлаш, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аьзоларини ҳимоя қилиш мақсадида 10 дан ортиқ қонун ва қарорлар қабул қилинди.
Президентимизнинг “Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, энди меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга компенсация тўланиши кўзда тутилганлиги билан аҳамиятлидир.
Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб 2022 йил 1 сентябрга қадар “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини муваффақиятли топширилганда, имтиҳонларни топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда, йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда компенсация тўлаб берилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 сентябргача “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга компенсацияларни олиш имконини берувчи алоҳида саҳифа ташкил қилинади.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 1 августидан транспорт компанияларининг меҳнат миграциясида бўлган даврида жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага дуч келган, ўткир ёки оғир касалга чалинган фуқароларни, шу жумладан уларнинг вояга етмаган фарзандларини Ўзбекистонга олиб келиш билан боғлиқ харажатлари, шунингдек, ушбу фуқароларни тиббиёт ходими кузатуви остида қайтаришда тиббиёт ходимининг хизмат сафари харажатлари қоплаб берилади. Ушбу йилда хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига 52 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ажратилади.
Юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга йўналтирилган ушбу қарор фуқароларимиз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга, уларнинг фаровон турмуш тарзига кўмаклашади.
Дилбархон Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.