Айбдорлар жазоланиши шарт

 

Суратдаги автомобиль бир кунда бутун Ўзбекистонда “машҳур” бўлиб кетди ва бунга сабаб бўлган воқеа тафсилотларига тўхталишнинг ҳожати йўқ, деб ўйлаймиз. Чунки, ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларда бу ҳақда жуда кўп гапирилди ва муҳокама қилинмоқда.

Очиғини айтиш керак, бу каби ҳолатлар – амалдорларнинг қонунларни менсимаслиги, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишлари жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Негаки, оддий фуқаролар қоидабузарлиги учун тайинланган жарималар топаётган даромадларига нисбатан салмоғи катта бўлса ҳам, оила бюджетига оғирлик қилса ҳам уларни тўлаяпти. Бошқа бир валломат эса ҳайдовчиси қоидага амал қилмагани учун тўхтатилганда қонунбузарни ҳимоя қилгани етмагандай, хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилига босим ўтказиш учун “акахон”ларини ишга солади. Амалдор акахон ҳам ҳеч иккиланиб ўтирмай ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасидаги раҳбарга ноқонуний буйруқ беради. Шу тарзда ҳукумат йўлакларидан янграган ноқонуний буйруқ асослими, асоссизми рад этиш имконига эга бўлмаган оддий инспектор томонидан бажарилади. Унинг бошқа чораси йўқ. Лекин унинг бошлиқлари қонунларга тупуриб қўйган. Акс ҳолда ноқонуний буйруқни бажармасликка ҳақли эканликларини жуда яхши биладилар.

Афсуски, қора “Малибу” воқеаси халққа маълум бўлган бундай воқеалардан биттаси, холос. Кўчаларда “бир телефон” билан қоидабузар ҳайдовчига “честь” бериб, “оқ йўл” тилаб юбориш ҳолатларига тез-тез дуч келиш мумкин. Бундай ҳолатлар эса оддий одамларда, кўча ҳаракатининг бошқа иштирокчиларида қонунлар икки хил талқин этилади, деган тушунчанинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Юқоридагиларга кўра ИИВ ва бошқа ваколатли идоралар томонидан хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходимлари фаолиятига аралашувнинг ҳар қандай кўринишларига қатъий чек қўйилиши керак. Бу ишни эса биринчи навбатда қора “Малибу”нинг қорайтирилган ойналари ортида ўтирган ўша амалдорнинг қулоғидан тортиб офтобга чиқаришдан, ҳуқуқ-тартибот идораси фаолиятига ноқонуний аралашишдан тап тортмаган “Х” амалдор ва унинг қонунга зид буйруғини инспекторига етказиб, бажаришни талаб қилган командирга қатъий жазо беришдан бошлаш керак. Бундай ҳолатлардан кўз юмиш акс ҳолда қонун олдида ҳамма тенг экани, қонун устуворлиги муқаррарлиги ҳақида тамойилларга путур етишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси қонунбузарликларнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросассиз муносабатда бўлиб келмоқда ва бундай ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан кескин чора кўрилиши тарафдоридир.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 

← Рўйхатга қайтиш