Азал-азалдан ўзбек аёллари маданияти, маънавияти, меҳнатсеварлиги, ақли, заковати, фаросати билан ҳурмат қозониб келган, ўзбек аёлларининг мана шу жиҳатларига ҳавас қилинган. Биз Бибихоним, Тўмарис, Нодирабегим, Увайсий, Зулфияхонимдек сабрли, матонатли, шижоатли, қатъиятли, ориятли шахслар авлодиданмиз.
Бугунги замондошларимиз орасида ҳам ҳавас қилса, таърифласа арзигулик аёллар кўпчиликни ташкил этади. Ўзи ногирон бўла туриб, жавлон уриб меҳнат қилаётган, оиласини боқаётган, боқувчисини йўқотиб, 4-5 та фарзандини ёлғиз аёл боши билан ҳалол едириб, ичириб, вояга етказиб, ўқитиб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб ўстираётган, бировдан ёрдам сўрашга, бировга нолишдан ор қиладиган ғурурли, ориятли оналар бисёр. Шукрки, жамиятимизда бундай аёллар анчагина.
Лекин минг афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, хотин-қизлар орасида кам бўлса ҳам боқимандалик, дангасалик касалига учраганлар ёки бўлмаса, аёл номига доғ туширадиган гаплари ва ҳаракатлари билан халқ оғзига тушиб, муҳокамаларга сабаб бўлаётганлар, сабр-қаноатни, шукр қилишни унутаётганлар ҳам учраб турибти.
Тўрт мучаси соғ бўла туриб, фақат давлатдан ёрдам кутиб, идорама-идора юриб, ишлашни истамаётган аёллар, шикоятчилар борлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Ўз волидаи муҳтарамасини калтаклаётган, ўз зурриёдини сотаётган қўштирноқ ичидаги аёл ва оналар билан бир жамиятда яшаб, бир ҳаводан нафас олаётганимиздан афсусланамиз.
Ёлғон, бўҳтонлар уюштириб, бировларга туҳмат қилиб айбсиз инсонларни айбдор қилаётган аёллар ҳам йўқ эмас орамизда. Энди ўйлаб кўринг, бундайлар битта ёки иккита бўлса ҳам “аёл” деган номга доғ туширадими ёки йўқми? Наҳотки юқорида таъриф берилган буюк зотлар авлодидан бўлган аёллар, оналар шунчалик тубанлик, қабиҳлик, разилликка, ношукрликка бораяпти.
Кейинги йилларда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қанча имтиёз, имконият ва шароитлар яратилаётган, хотин-қизларни қийнаётган муаммолар секин аста, бирин-кетин ҳал этилаётган бир даврда, бундай ҳолатларнинг учраб туриши ношукрлик эмасми?
Куни кеча ижтимоий тармоқларда қашқадарёлик аёл ногирон онасини калтаклаганлиги ҳақидаги маълумотни ўқиган барчанинг кўнгли оғриди. Бу воқеа бир томондан одамнинг ғазабини келтирса, иккинчи томондан ачинасан, уяласан киши. Наҳот аёл ўз онасини урди, таҳқирлади? Нима учун? Она ҳокимиятдан, касаба уюшмасидан яна пул, ёрдам сўрашга уялди. Чунки бу оилага давлат томонидан уй-жой ҳамда 100 миллиондан ортиқ моддий ёрдамлар берилган. Бу ношукрликмасми?
Ахир ўзбек аёллари ватанининг тинчлиги, оиласи фаровонлиги, фарзандининг келажаги учун тош келса кемириб, сув келса симириб оила, рўзғоридаги камчиликларни остонасидан ташқарига чиқармай, йўқдан бор қилиб, шукроналик билан яшайдиган зотлар ҳисобланади. Мана шундай мард, жасур, оқила, сабрли, ор-номусли, ғурурли, тўғрисўз, болажон аждодларимизга муносиб авлод бўлишга ҳаракат қилишимиз, уларга издош бўлишимиз, ўзбек аёли номига доғ туширмаслигимиз лозим.
Ўзбегимнинг оқила аёллари! Келинг барчамиз бирлашайлик, бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик. Атрофдаги воқеа ва ҳодисаларга бефарқ бўлмайлик, ҳаётда адашган, шаънимиз, ғуруримизга, миллатимиз, динимизга тўғри келмайдиган ҳатти-ҳаракатларни содир этаётган замондош аёлларни инсофга чақириб, тартибга солишга биз аёллар бевосита иштирок этиб, бундай муаамоли ҳолатлар олдини олишга жиддий эътибор қаратайлик. Барчамиз эзгу, савобли ишларда фақат ва фақат шахсий намуна кўрсатайлик. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатни амалга оширишда фаол иштирок этайлик, бизга нисбатан қилинаётган яхшилик, эзгулик, эътиборга муносиб жавоб қайтарайлик.
Гулшан Асатова,
ЎзХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.