Бозорда юк ташиб, кунига 3-4 сўм пул топиб, оиласини шу билан боқадиган бир киши бор экан. Асли косонлик, туғма ногирон бу киши ўқишни билмаскан, гапиролмаскан, лекин ҳамма нарсани тушунаркан.
Бир куни қўлида бир парча қоғоз билан бир инсоннинг ёнига келиб, ушбу қоғозни ўқиб беришни илтимос қилибди. Ўша инсон ўқиб кўрса, ЙПХ жаримаси, МИБга ўтказилган, улар “участкавой”га жўнатган экан... Суриштирилса 6 ой аввал катта йўлдан қишлоққа киришда, велосипед билан кетаётганда ЙПХ ходими тўхтатган экан. Жарима эса пиёда йўлни нотўғри кесиб ўтишига ёзилган (87 000 сўм). Вазият тушунтирилгач, туғма ногиронлиги бор инсон бирдан қаердандир 90 000 сўм топиб келиб, “шуни телефонингдан тўлаб юбор”, дебди имо-ишора билан.
Ўша инсоннинг “Malibu”си бўлмаса ҳам қонунларга ҳурмати, уяти ва ғурури бор эканлиги, баъзи бир амалдорларга ўрнак бўлса, фойдадан ҳоли бўлмас эди.
Тоштемир МУРОД
“Ўзбекистон овози”, 4.08.2021, №29