28 июль куни қуйи палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг йиғилишида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.
Вазир таъкидланганидек, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат 78 банддан иборат. Шундан 46 банднинг ижро муддати якунланган, 31 та банд ўз муддатида тўлиқ бажарилган, 5 та банднинг ижро муддати узайтирилган, 47 бандни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Ростини айтганда, ҳисоботларда келтирилган рақамлар ҳажмидан кўз тиниб, бош айланиб кетади. Модомики, вазирлик томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган экан, нега унда меҳнат бозори, бандликни таъминлаш соҳасидаги аҳвол ҳамон мураккаблигича қолмоқда? Ушбу масалага рақамлар эмас, одамларнинг бандлиги, топаётган даромади, хаётининг фаровонлиги билан баҳо беришга қачон ўрганамиз? Ҳисоботларни “рақамлаштириш” билан қачонгача шуғулланамиз?
Вазир ахборотида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасидаги чора-тадбирлар ҳақида ҳам бир талай ютуқлар ҳақида сўз юритилган. Бу борада аслида вазирликнинг таъсири сезиляптими? Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ўта иссиқ шароитда магистрал йўлларни тозалаш, мактаблар ҳовлисидаги панжараларни бўяш, кўчаларни ободонлаштиришга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Мажбурий меҳнатга қарши ҳамда мутасаддиларнинг танобини тортиб қўйишга ваколатли Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эса бу каби ҳолатларни кўриб, кўрмасликка олмоқда.
Бугунги сиёсат халқни рози қилиш билан ўлчанади. Қабул қилинаётган ҳар бир қонун, қарор моҳияти аҳоли ҳаётида ўз аксини топиши керак. Кўп хонали рақамлар ортидан қувиш ҳеч қачон рўшнолик келтирмаслигини яқин тарихимиз мисолида ёддан чиқармаслигимиз лозим.
Вазир ахборотида меҳнат соҳасидаги инсон ҳуқуқларининг халқаро тамойилларини республика қонунчилигига сингдириш масалаларига кўпроқ урғу берилди. Лекин вазирлик соҳада мамлакат ҳаётидаги муаммоларга тўхталиб ўтса, кўпчиликни ўйлантираётган муаммоларга эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўларди. Тўғри, қурилиш бозорида иш кучига талаб катта бўлгани билан, меҳнатга ҳақ тўлаш паст даражадалигича қолмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда қурилиш соҳасида меҳнат қилаётганлар Россия ёки Қозоғистонда айни шу иш билан шуғулланадиган муҳожирдан бир неча баробар кам ҳақ олмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари кўп ва айнан ушбу саволларга жавоб топиш устида вазирлик бош қотирса, ишчи-хизматчилар манфаатни кўпроқ ифодалаган бўлар эди.
Умуман олганда, меҳнатга ҳақ тўлашдаги номутаносибликларни бартараф этишда вазирлик ўз сўзини айтадиган давр аллақачон келди. Ваҳоланки, вазирлик ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар кутилган натижаларни бермаётир. Қайд этилишича, ҳозир юртимизда 1 миллион 600 минг аҳоли ишсиз. Агар жорий йилда меҳнат бозорига яна 560 минг битирувчи кириб келишини инобатга олсак, бандлиги таъминланиши лозим бўлганлар икки миллиондан ошади. Шу боисдан 2021 йилдаги давлат дастурида ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари аҳолисининг қарийб 55 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этувчи мамлакатимиз учун ниҳоятда долзарбдир. Даромад манбаи йўқ аҳоли қатламини ҳимоялаш, давлат ресурслари ва имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳукумат олдидаги асосий вазифа саналади. Аҳолининг ўзини ўзи банд қилиши учун ажратилган бюджет маблағлари мутасаддилар лоқайдлиги натижасида самарасиз сарфланиши бу мақсадлар йўлидаги ғовлардан биридир.
Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий вазият бири-биридан фарқ қилади. Бандлик ва янги иш ўринларини яратиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда шу нуқтаи назардан ёндашиш керак. Акс ҳолда, иш ўринлари қоғозда яратилади, сохта статистика шаклланади. Ёлғон рақамлар кўпайиши эса ишсизлик муаммосини янада оғирлаштиради. Яна бир муҳим йўналиш борки, узоқ йиллардан буён гапирилади, аммо натижалар ҳамон қониқарсиз. Гап ҳудудларда саноатни ривожлантириш, муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳақида бормоқда. Афсуски, ўтган даврда бу борада қабул қилинган айрим қарорлар, дастурлар фақат қоғозда қолиб кетмоқда.
Банд бўлмаган аҳоли, хусусан, хорижга иш излаб кетаётганларнинг асосий қисми қишлоқда яшовчилар экани жиддий ўйлашга ундайди. Ҳозир бу йўналишга ҳам алоҳида маб лағлар ажратилмоқда, зарур шарт-шароитлар яратиляпти. Мутасаддилардан талаб этиладигани фидойилик, тиниб-тинчимаслик, изланиш, холос. Бу хусусиятларга эга раҳбарлар ишлаётган жойларда қандай ўзгаришлар бўлаётгани ҳаммага кўриниб, билиниб турибди.
Халқ демократик партияси ҳукумат фаолиятига ишсизлик масаласи қандай ҳал этилаётганига қараб баҳо берилиши зарур, деб ҳисоблайди. Шунинг учун фракциямиз маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда республикадаги иш ўринлари яратилиши билан боғлиқ реал вазиятни танқидий таҳлил қилмоқда. Чунки бу мамлакат иқтисодиёти ўсаётганининг энг муҳим белгиларидан биридир. Ҳукумат мазкур масалага ижтимоий барқарорликнинг муҳим шарти сифатида ёндашиши талаб этилади. Зотан, республикамизда ишсизлик даражаси ҳамон юқори. Бугунги куннинг ўткир, оғриқли муаммоси хусусида жиддий бош қотириб, аниқ, самарали чора-тадбирлар кўриш тақозо этилаяпти.
Ўрол ЎРОЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.
“Ўзбекистон овози”, 4.08.2021, №29